Бахт учун дабдаба шарт эмас

Юртимизда тўйлар азалдан халқимизни бирлаштирадиган, меҳр-оқибатни кучайтирадиган, ёшларни ҳаёт йўлига бошлайдиган муқаддас маросим сифатида эътибор топган. Бу кун нафақат ёшларнинг бахтли куни сифатида нишонланган, балки қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик муҳитини яратган.
Аммо, сўнгги пайтларда, тўйлар асл моҳиятини йўқотиб, ортиқча дабдаба, исрофгарчилик, ёшларнинг иқтисодий юки оғирлашуви, ҳатто қарздорлик каби айрим салбий ҳолатларга олиб келмоқда.
Жамиятимиздаги ҳар бир фаол инсон бундай ҳолатга бефарқ бўлмаслиги керак. Чунки ҳар бир оиланинг иқтисодий барқарорлиги – бутун жамиятнинг барқарорлигидир. Исрофгарчилик ва ортиқча дабдаба – нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг имкониятларини самарасиз ишлатишдир. Шунинг учун ҳам тўйларни ихчам, маънавий жиҳатдан мазмунли, иқтисодий жиҳатдан тежамкор тарзда ўтказиш – бугунги давр талабига айланмоқда.
Ортиқча харажатлар ёш оилаларни молиявий жиҳатдан қийнаб қуяди. Масалан, кўп ҳолларда ёшлар ёки уларнинг ота-оналари катта қарз билан тўй бошлаб, маросимдан кейин узоқ йиллар давомида уни қайтаришга мажбур бўлади. Бу эса оиладаги барқарорлик ва ўзаро муносабатларга таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, ортиқча дабдабали маросимлар ўзини кўз-кўз қилиш, рақобат туйғуларини кучайтириб, халқимизга хос бўлган самимийлик ва оддийлик фазилатларини пасайтиради.
Тўйларни самарали ўтказиш бугун нафақат иқтисодий зарурат, балки маънавий маданият кўрсаткичига ҳам айланмоқда. Тўйларда маънавий қадриятларга, ёшлар учун долзарб бўлган маслаҳатлар, дуо ва насиҳатларга аҳамият қаратилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳам бу масалада фаол бўлиши зарур. Масалан, тўйлар учун таклиф этилган меъёрлар, харажатни қисқартириш бўйича маслаҳатлар бериш, ёшлар билан учрашувлар ўтказиш орқали ижобий натижага эришиш мумкин.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонпарварлик ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган. Шундай экан, тўйларни ихчам ва мазмунли ўтказиш масаласи ҳам ушбу сиёсатнинг давоми ҳисобланади. Бу борада депутатлар, маҳаллий кенгашлар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари биргаликда иш олиб бориши муҳим.
Тўйларда тежамкорликни тарғиб қилиш орқали биз ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, халқимизга хос қадриятларни асраб-авайлаймиз, маънавий муҳитни соғломлаштирамиз.
Шунинг учун, биз, депутатлар, барча фуқароларни, айниқса, ёшларимизни тўй маросимларини маънавий жиҳатдан мазмунли, иқтисодий жиҳатдан тежамли ўтказишга чақириб қоламиз. Исрофгарчиликнинг олдини олиш орқали нафақат оила, балки бутун жамият манфаатини таъминлаймиз. Бу эса барқарор, фаровон ва маънавий соғлом келажак сари қўйилган муҳим қадам бўлади.
Бахтиёр ОТЕЛБАЕВ,
Халқ депутатлари Қўнғирот тумани Кенгашининг депутати.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги