Москва шаҳрида Жаҳон атом ҳафталиги ўз ишини бошлади

115

Бугун Москва шаҳридаги Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси мажмуасида атом ва унга яқин соҳаларга бағишланган энг йирик тадбир –Жаҳон атом ҳафталигининг (World Atomic Week) расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли тадбирнинг тантанали очилиш маросимида “Росатом” давлат корпорацияси масъуллари, атом дастурларини ривожлантираётган давлатлар раҳбарияти вакиллари, дунё миқёсидаги етакчи экспертлар ва йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Унда Ўзбекистон номидан «Ўзатом» агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев раҳбарлигидаги делегация ҳам иштирок этяпти.

Форум Россия атом саноатига 80 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилмоқда.  Таъкидлаш керакки, атомни тинч йўл билан забт этиш тарихи кашфиёт ва ютуқларга бой. 1954 йилда Обнинск шаҳрида дунёдаги биринчи атом электр станцияси ишга туширилиши атом соҳасини ривожлантиришда муҳим қадам бўлган. Атом соҳаси пайдо бўлганидан кейинги илк 15 йил ичида дунёдаги биринчи токамак реактори ва биринчи атом музёрар кемаси ишга туширилган.

“Росатом” бугунги кунда энергетика, машинасозлик, қурилиш ва бошқа соҳалардаги активларни бирлаштирган кўп тармоқли холдинг. Унинг стратегияси паст углеродли электр энергияси ишлаб чиқаришни ривожлантириш, жумладан шамол энергетикасини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Давлат корпорацияси мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқаришда миллий етакчи бўлиб, АЭСларни қуриш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Турли босқичларда 11 мамлакатда 41 та энергетик блок барпо этилмоқда. Корпорациянинг фаолият соҳасига инновацион ядровий бўлмаган маҳсулот ишлаб чиқариш, логистика ва Шимолий денгиз йўлини ривожлантириш, экологик лойиҳаларни амалга ошириш ҳам киради. Унинг таркибида 450 дан зиёд корхона ва ташкилот мавжуд бўлиб, уларда тахминан 420 минг киши фаолият юритади.

Ҳафталик давомида турли мамлакатлар мутахассислари, экспертлари қатор мавзуларда тақдимотлар қилади. Улар қатори бугун “Ўзатом” агентлиги сессия ишида соҳа бўйича амалга оширилаётган ютуқларини намоён этади. Эслатиб ўтамиз, ҳафталик эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Насиба Зиёдуллаева,

Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА