ТДТ, ИҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорлари ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиради

124

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Бош прокурорларининг 4-йиғилиши ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Асад Мажид Хон бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Конструктив мулоқот чоғида томонлар идоралараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди ва ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда тажриба алмашишни изчил давом эттиришга келишиб олди.

Н. Йўлдошев ТДТ ва ИҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорлари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди.

Учрашувлар давомида томонлар қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажриба алмашиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Озарбайжон Республикаси Бош прокуратураси ўртасида 2026 – 2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Н.Абдураимова,

ЎзА