Қўнғиротта «Қуёшли хонадон»лар кўпаймоқда

Халқ депутатлари Қўнғирот тумани Кенгашида ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қўнғирот тумани филиалининг ҳисоботи эшитилди.
Тадбирда туман филиали раҳбари Оразғали Муханов маъруза қилиб, депутатларга 2025 йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар, долзарб муаммолар, яқин келажакка мўлжалланган режалар ҳақида маълумот берди.
Президент қарорининг 20-бандига мувофиқ, туман ҳудудида гидроэлектр станцияларини ташкил этиш, ижтимоий, давлат ва хусусий объектларда қуёш панелларини жадал жорий этиш чоралари бошлаб юборилди. Хусусан, 2025 йилнинг 9 ойи давомида 24 та ижтимоий ва давлат муассасаларида жами 385 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиб, тадбиркорлик субъектларига тегишли 25 та объектда 1326 кВт қувватга эга панеллар жойлаштирилди ҳамда 312 та хусусий хонадонда умумий қуввати 1545 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди.
«USTYURT SODIUM SULFATE» корхонасида 1000 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилгани қайта тикланувчи энергия манбаларини самарали жорий этишнинг ёрқин мисоли бўлди. Қўлланма энергия манбаига ўтгунга қадар корхонанинг электр энергияси учун ойлик харажати 360 миллион сўмни ташкил этган бўлса, панеллар ўрнатилгандан сўнг бу сумма 230 миллион сўмга тушиб, ойига 130 миллион сўм иқтисод қилинган.
Шунингдек, «Солиқ» мобил иловасидаги «Қуёшли хонадон» бўлими орқали 2025 йилда 312 та хусусий хонадондан қуёш панеллари ўрнатиш бўйича мурожаатлар келиб тушгани қайд этилди. Барча мурожаатлар зудлик билан кўриб чиқилиб, ижрога қабул қилинди. Шунингдек, ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиш бўйича тегишли олди-сотди шартномалари тузилди.
ЎзЛиДеП депутатлар гуруҳи амалга оширилган ишлардан мамнун бўлди ва бу борадаги ишларни давом эттириш, айниқса, олис ва кам таъминланган ҳудудларда муқобил энергия манбаларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.



Президент қарори ижроси нафақат энергия тежамкорлигини ошириш ва марказлашган тармоқларга бўлган юкламани камайтиришга, балки «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги