Инновацион тадбиркорлик ва ёшлар: Янги авлод имкониятлари

Бугунги кунда ёшларнинг иқтисодий фаоллиги, ижтимоий масалалардаги иштироки ва инновацион фикрлаш салоҳияти мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи омилларидан бири сифатида қаралмоқда. Айниқса, ёшларни тадбиркорлик соҳасига жалб этиш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш ва инновацион ечимлар яратишда ёрдам бериш — устувор вазифалардан биридир.
Шу мақсадда Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида «Инновацион тадбиркорлик ва ёшлар: Янги авлод имкониятлари» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Ушбу тадбир «Тадбиркор ёшларнинг 1000 инновацион лойиҳаси» доирасида амалга оширилди ҳамда ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси Қорақалпоғистон филиали ҳамкорлигида ўтказилди.
Семинарнинг асосий мақсади ёшларга замонавий ишбилармонлик асосларини ўргатиш, бизнес режа тузиш, молиявий ҳисоб-китобларни юритиш, маркетинг стратегияларини қўллаш ва рақобатбардош маҳсулот яратиш бўйича амалий кўникмалар беришдир. Шу билан бирга, инновацион технологиялардан самарали фойдаланишга оид билимларни сингдириш орқали ёшларни тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш назарда тутилган.
Маҳорат дарси шаклида ўтказилган тадбирда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи тажрибали тадбиркорлар Амина Бекчанова, Дилфуза Джембекова, Асқар Қалниязов ҳамда Нукус шаҳар Кенгаши депутатлари иштирок этиб, ёшлар билан очиқ мулоқот уюштиришди. Улар бозордаги реал талаблар, инновацион ёндашувлар ва бизнесда ҳамкорлик имкониятлари ҳақида амалий маълумотлар тақдим этишди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати ёшлар томонидан билдирилган ғоя ва ташаббусларнинг муҳокамаси бўлди. Хусусан, иштирокчи Утеханова Мийирхан миллий рақслар асосида туристлар учун қисқа концерт дастури ташкил этиш ғоясини тақдим этди. Бу таклиф тадбиркорлар томонидан ижобий баҳоланди ва лойиҳани амалга ошириш бўйича йўналишлар кўрсатиб ўтилди.
Ёшлар томонидан аҳолининг турмуш даражаси паст бўлган ҳудудларда мобил хизмат кўрсатиш (сартарошлик, тикувчилик-бичиш, техника таъмирлаш), экологик тоза маҳсулотлар етиштириш ва маркетплейс орқали сотиш, «Мобил бизнес марказлари» ташкил этиш, вилоят ва туманларга чиқиб жойлардаги ёшларга бир марталик бизнес маслаҳатлар, ҳуқуқий ёрдам, грант дастурлари ҳақида маълумот берадиган автобус ёки махсус автомашина бериш бўйича тавсиялар берилди.

Семинар-тренинг якунида иштирокчилар тадбирни ёшлар учун яратилган амалий майдон сифатида баҳоладилар. Бу каби тадбирлар ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга, уларни мустақил қарор қабул қилишга ва бизнесни бошлашга тайёрлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Амангул ЕСЕМУРАТОВА ,
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим мудири