Юртдошимиз ЮНЕСКО саммитида сўзга чиқди

17-18 сентябрь кунлари Франциянинг Париж шаҳрида жойлашган ЮНЕСКО бош қароргоҳида, ЮНЕСКО ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЭCД) ҳамкорлигида ўтказилган «7th Creativity Summit in Education» саммити бўлиб ўтди.
Тадбирда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан етакчи педагоглар, сиёсатчилар, илмий тадқиқотчилар ва таълим соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Ўтказилган ушбу нуфузли саммитда «Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти, Буюк Британиянинг Глазго университети талабаси, ҳамюртимиз Нурсулу Қоқанова ҳам иштирок этиб, ўзининг амалий тажрибаси билан ўртоқлашди.
У ўз нутқида таълим жараёнида ҳар бир ўқувчининг индивидуаллигини инобатга олиш, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларини аниқлаш, ҳамкорликда ўрганиш (collaborative learning) муҳитини яратиш зарурлигига алоҳида тўхталди.


Саммит якунида иштирокчилар глобал миқёсда креативликни қўллаб-қувватлайдиган таълим стратегиялари ва таклифларини ишлаб чиқди.
– Ушбу саммитнинг асосий мақсади – таълим тизимларида ижодкорликни ривожлантириш, замонавий ўқитиш методлари орқали ўқувчиларда танқидий ёндашув ва креатив фикрлашни шакллантириш ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда инновацион педагогик ёндашувларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди, – дейди Нурсулу Қўқонова.
Албатта, ёшларимизнинг шундай хорижий давлатларнинг энг нуфузли университетларида таълим олиши ва саммитларда иштирок этиши, ўйлаймизки, халқимизни қувонтириб, ўсиб келаётган ёш авлоднинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.