Истеъмолчини “0”дан урган” шахобча аниқланди

Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушган мурожаатга кўра, «Қизилқум» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «G» газ сервис масъулияти чекланган жамиятининг ёқилғи қуйиш шохобчаси томонидан фуқаро Д.К.нинг пластик картасидан 3 миллион 600 минг сўм ортиқча пул олинган.
Истеъмолчи автомобилга ёнилғи қуйиш мақсадида ушбу ёнилғи қуйиш шохобчасига боради. Автомобиль учун қуйилган ёқилғи учун 400 минг сўм тўловни амалга ошириш вақтида ушбу МЧЖ ходимлари томонидан истеъмолчи Д.К.нинг пластик картасидан ортиқча 3 миллион 600 минг сўм олинади. Фуқаро ортиқча ушлаб қолинган пулни қайтариб олиш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида ташкил этилган 1091 ишонч телефонига мурожаат қолдиради.
Вазият жамият мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, пластик картадан ортиқча олинган пул маблағлари истеъмолчига тўлиқ қайтариб берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги