Мақсадим – халқим фарзандларини билимли қилиш

113

Юртимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланиши, Президентимиз раҳбарлигида ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ота-боболаримиздан шу кунгача етиб келган қадриятларимизга уйғун бўлди.

Чунки, устозига чексиз ҳурмат кўрсатадиган, уни отасидек улуғ кўрадиган халқнинг авлодларимиз. Аждодларимиз устозларга ҳурмат кўрсатишда бизга улкан ибрат қолдиришган. Илм олишдан ташқари илм бериш машаққатини тотиб кўрган қадрли устозларимизни улуғлашдан бахтиёрмиз. Уларнинг ҳурматини жойига қўйишга, хизматини бажаришга бурчлимиз.

Жорий йилда ҳам Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакатимиз тараққиёти, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, навқирон ва билимли ёш авлодни тарбиялаш йўлида самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа фидойилари шарафланиб, унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улар орасида Элликқалъа туманидан 18 йиллик тажрибага эга ўқитувчи, ташаббускор тадбиркор Жўрабек Ўрозбоев ҳам бор.

У 1986 йилда Элликқалъа туманининг «Қилчиноқ» овул фуқаролар йиғинида муҳандислар оиласида туғилган. Тошкент давлат техника университетини имтиёзли диплом билан тугатгандан сўнг 8 йил давомида Тўрткўл академик лицейида физика фанидан дарс беради. 2018 йилдан бугунги кунга қадар Элликқалъа тумани 68-сонли умумий ўрта таълим мактабида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқда. Бугунги кунда Жўрабек Ўрозбоев ва умр йўлдоши Саида Қурбонбоева устозлар оиласи сифатида ўзлари яшаётган «Қўшқўра» маҳалла фуқаролар йиғинида алоҳида ҳурматга эга. Уч қиз бир ўғилнинг меҳрибон онаси Саида инглиз тили фани ўқитувчиси бўлиб, унга Халқ таълими вазири жамғармасидан уч марта, малака ошириш аттестация тестларида юқори балл тўплагани учун ойлигининг 70 фоизи миқдоридаги махсус устамалар белгиланган.

Ж.Оразбоев 2020 йилда 250 ўринли «Сарабий» ўқув марказини очади. Марказнинг тўлиқ иш бошлаши учун қарийб 800 миллион сўм маблағ сарфланди. Барча зарур шароитлар яратилган марказда она тили ва адабиёти, хорижий тиллар, кимё, биология, математика, физика, тарих, ҳуқуқшунослик йўналишларида бошланғич, ўрта ва битирувчи синф ўқувчилари, шунингдек, хорижий тиллар бўйича халқаро имтиҳон тизимларидан олинадиган сертификатлар учун тайёргарликлар ташкил этилиб, туманда мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Ушбу ўқув марказида тумандаги 1, 5, 8, 28, 49, 54, 68-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг 1-11-синфларида таҳсил олаётган 250 нафар ўқувчи билим даражасини ошириб келмоқда. Шундан ҳар йили 200 га яқини олий ўқув юртларига ўқишга киради. Бугунги кунга қадар марказда тайёрланган мингдан ортиқ абитуриентлар ОТМнинг талабаси бўлиш бахтига эришди.

Марказда ҳар ойда бир марта шу кунгача ўтилган мавзулар бўйича тест олинади ва энг юқори балл тўплаган ўқувчиларнинг кейинги ойдаги тўловларига 50 фоиз чегирма берилади. Ўқувчи тайёрланиб юрган фанидан 30 та саволдан барчасига жавоб берса, ўша ой учун тўлов олинмайди. Шунингдек, бир ой давомида билим даражаси бўйича юқори натижалар кўрсатган ўқувчининг ўқишга киргунига қадар тайёргарлиги ўқув маркази ҳисобидан олиб борилади. Ўқишга киргандан кейин тўловни амалга ошириш имконияти берилади.

Мамлакатимизнинг фидойи фарзанди, таълимга чанқоқ, саховатли тадбиркорнинг миллий таълимга қўшаётган салмоқли ҳиссаси муносиб эътироф этилиб, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан давлат мукофоти – «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. У нафақат таълим соҳасида, балки жамиятимиз равнақи йўлида амалга ошираётган хайрли ишлари билан ҳам танилган.  Хусусан, марказда унинг ташаббуси билан маҳалладаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, етим, оиласида ногиронлиги бўлган болалар 20 фоиздан 100 фоизгача чегирмалар билан ўқитилади. Якшанба кунлари уларга қўшимча бепул дарслар ўтилади. Шунингдек, бундай оилаларга доимий равишда моддий ёрдам берилади. Яхши меҳнат қилган ўқитувчиларга йил якунида хорижга ёки Ўзбекистон бўйлаб оиласи билан дам олиши учун йўлланмалар олиб берилади.

Аҳамиятлиси, у жорий йилда «Пахтачи» маҳалласида 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига «Сарабий» ўқув марказининг 220 ўринли филиалини очди. Марказда 12 нафар ўқитувчининг бандлиги таъминланган.

– Жўрабек Ўрозбоев туманда таълим соҳасини ривожлантиришга жон-жаҳди билан хизмат қилаётган фидойи педагог, – дейди Элликқалъа тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Шуҳрат Холмуратов. – Унинг «Сарабий» ўқув маркази туман ёшларининг билимли бўлиб, интеллектуал жиҳатдан ривожланишига хизмат қилиб келмоқда. Марказда таълимнинг ўта талабчанлиги ва рақобатбардошлиги, болаларни олий ўқув юртларига, нуфузли университетларга мақсадли тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилгани, олий таълим билан узвий интеграция қилингани диққатга сазовор.

– Ўқув марказини очишдан олдин Россия Федерациясига бориб, ишлаб қайтиш ниятида юрган эдим. Тўрткўл академик лицейида иш бошлаганимда ўқувчиларнинг физика фанига қизиқишини кўриб, репетитор бўлиш фикри туғилди. Шундан кейин чет элга кетиш фикридан қайтдим. Мақсадим ўзгарди – халқим фарзандларини билимли этиб, туғилиб ўсган юртимга фойдам тегиши бош мақсадимга айланди, – дейди Ж.Оразбоев. – Бугунги кунда юртимизда ташаббускор ёшлар учун барча имкониятлар яратилган. Бу имкониятларни қадрлаш, улардан самарали фойдаланиб, юртим тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишни бурчим, деб ҳисоблайман. Шу йўл билан Ўзбекистонимизда ўқитувчиларга қаратилаётган юксак эътиборга жавобан янада яхшироқ хизмат қилишга, берилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

Бир ҳарф ўргатган одам ҳам устоз ҳисобланади. Улар ўзлари юрган йўлнинг пасту баландини яхши билади ва шогирдларини огоҳлантириб боради. Улар тайёр тажриба мактаби. Устозлар чин маънода хазина, ҳақиқий бойлик ҳисобланади.

Устоз туфайли одамлар тўғри йўлни топади, уларнинг шарофати билан муаммолардан омон чиқади. Аллоҳ муқаддас қилган инсонлар орасида устозлар ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Аллоҳ илм қадрини қанчалик баланд қилган бўлса, илм берувчи устозларни ҳам шундай улуғ даражага кўтарди. Ота-боболаримиз фарзандларини бирор ҳунар ўрганиши учун устозларга олиб келганда «Эти сизники, суяги бизники,» деб бежиз айтишмаган. Устознинг шогирдда ҳақи кўп. Мана шундай ибратли анъаналаримиз бардавом бўлсин.

М.Пирназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири