Ўзбекистон ва Жанубий Африка нефть-газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

87

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Баҳодиржон Сиддиқов ва Жанубий Африканинг «Sasol» компанияси ижрочи вице-президенти доктор Сарушен Пиллай бошчилигидаги делегация аъзолари ўртасида учрашув ўтказилди.

Унда томонлар ҳамкорлиги хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, «Sasol» компанияси «Uzbekistan GTL» лойиҳасининг асосий лицензиарларидан бири ҳисобланади. Мазкур ҳамкорлик доирасида синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш заводи тўлиқ лойиҳавий қувватга чиқарилди.

«Uzbekistan GTL» заводи фаолияти билан яқиндан танишган «Sasol» компанияси делегацияси мазкур завод бугунги кунда тўлиқ қувват билан ишлаётгани ва юқори самарадорликка эришилаётганига алоҳида урғу берди. Меҳмонлар давлат томонидан ўз вақтида берилган қўллаб-қувватлаш туфайли «Ўзбекнефтгаз» АЖ илк бор мамлакат тарихида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришга муваффақ бўлганини эътироф этди.

«Sasol» компанияси лойиҳанинг асосий лицензиари сифатида Жамиятни ҳар томонлама техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур катализаторларни узоқ муддатли етказиб беришга тайёрлигини билдирди.

Жамият ахборот хизматига кўра, томонлар бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, ғоядан то амалий ижрогача бўлган янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув якунида қайд этилганидек, томонлар барқарор авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиради.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА