Ўзбекистон Президентининг АҚШга тарихий ташрифи якунланди

113

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш учун 20-24 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Нью-Йорк шаҳрида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 24 сентябрь куни АҚШ Конгресси аъзоси, Вакиллар палатасидаги «Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус» раиси Трент Келли ва Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони, генерал-майор Бобби Жинни қабул қилди.

Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, шу жумладан, парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Парламентлараро мулоқот ва алмашинувлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Конгресс Сенати ва Вакиллар палатаси аъзолари Ўзбекистонга мунтазам ташриф буюрмоқда. «Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус» фаол ишламоқда, унинг таркиби кенгаймоқда. Конгрессда ҳар йили икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган Ўзбекистон кунлари ўтказиб келинмоқда.

АҚШнинг Миссисипи штати билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларга юксак баҳо берилди.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда Конгресснинг қўллаб-қувватлови муҳим экани таъкидланди.

Суҳбат якунида яқинда Конгресс делегацияси ва Миссисипи штати ишбилармонларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга амалий ташрифини якунлар экан, анъанага кўра, ушбу мамлакатда меҳнат ва истиқомат қилаётган ватандошларимиз, шунингдек, АҚШнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан учрашди.

Норасмий муҳитда ўтган самимий суҳбат давомида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар, хусусан, уларни фаол илгари суришда ватандошлар ва уларни бирлаштирувчи ташкилотларнинг иштироки муҳокама қилинди.

Учрашувда муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ватандошлар ва ёшлар ўртасида мулоқот майдонини яратишга қаратилган «Ватандошларнинг халқаро бизнес марафони»га старт берилди.

Иштирокчилар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий ва таълим алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётнинг устувор соҳаларига АҚШнинг илғор технологияларини жорий этиш, тиббиёт, транспорт ва логистика соҳаларида инновацияларни илгари суриш, мамлакатимизда маркетплейсларни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Давлатимиз раҳбари йиғилганларга Ватанимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдириб, айтилган барча таклиф ва ташаббуслар мамлакатимиз вазирлик ва идоралари томонидан пухта ўрганиб чиқилиши, энг истиқболлилари эса амалиётга татбиқ этилишини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти АҚШда «Эл-юрт умиди» стипендиатлари сони 500 нафардан ошганига алоҳида эътибор қаратди. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва тажрибасини она юртда қўллаш учун имконият яратиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев талабаларга ўқишда ва келгусидаги касбий фаолиятларида муваффақиятлар тилаб, давлатимиз ёшларнинг ташаббусларига доимо очиқлиги ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, учрашув иштирокчилари Ўзбекистон етакчисига хориждаги ватандошлар ва ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилаётган шароит ва имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, Ватанимиз равнақига янада кўпроқ ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирдилар.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи якунланди.

 ЎзА