“Қораўзакли хўжа ота” фермер хўжалиги шартномани бажарди

Эрта баҳорда 4400 гектар ерга чигит сепган Қораўзак тумани деҳқонлари, бир текис униб чиққан ғўза ниҳолларига агротехник қоидаларга мос парвариш бериб, ундан мўл ҳосил етиштиришга эришди.
Айни кунларда туманнинг барча қишлоқларидаги пахта далаларида йиғим-терим ишлари қизғин давом этиб, илғор фермер хўжаликлари белгиланган режани ортиғи билан бажаришга муваффақ бўлмоқда. Шундай илғор хўжаликлардан бири академик С. Камалов қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган Омар Сапаев бошқарган «Қораўзакли хўжа ота» фермер хўжалиги ҳисобланади.
Хусусан, улар 26 гектар ерда етиштирилган ғўзадан 56 тонна ҳосил етиштириб, шартномадаги режани ортиғи билан бажариб чиқди.
Бу илғор фермер хўжалиги аъзоларини қўлга киритган ютуғи билан табриклаш ва пахта теримига келган чаққон қўлли теримчиларни рағбатлантириш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Шарапат Отемисов ва Қораўзак тумани ҳокими Анвар Баймуратовлар хўжалик даласида бўлиб, теримчилар билан учрашди ва уларнинг аҳволи билан танишди.
Қишлоқ аҳлига ҳормасин деб, қишлоқ хўжалигида фидокорона меҳнат қилаётган хўжалик аъзолари ва чаққон қўлли теримчиларга эсдалик совғаларини топширди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига туман маданият бўлими ходимлари томонидан қизиқарли концерт дастури намойиш этилиб, уларга ўзгача завқ бағишлади.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси