“Gender party” анъанасига қандай ёндашиш керак?

104

Сўнгги йилларда ғарбдан кириб келаётган Gender party анъанаси Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда ҳам тобора оммалашиб бормоқда.

Ушбу байрам орқали ота-оналар ҳомиланинг жинсини шов-шувли, байрамона услубда эълон қилади. Аслида бола жинси ўғилми ёки қизми бу ота-она учун бебаҳо совға ва фарзанд ҳар доим қадрли. Шундай бўлса-да, бу анъана ҳаётимизда муҳим ўрин эгалламоқда.

Gender party ҳомиладаги боланинг жинсини ота-она ёки дўстлар олдида махфий сақлаб, байрамона услубда эълон қилиш анъанаси. Масалан, рангли торт кесиш, рангли балон портлатиш ёки тутун чиқариш орқали фарзанднинг жинси аниқланади. Ушбу ғоя АҚШда 2000 йилларнинг охири ва 2010 йилларда оммалашиб, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Gender party ота-оналар учун ҳаяжонли ва унутилмас воқеаларни хотирага муҳрлайди. У нафақат боланинг жинсини билиш, балки яқинлар билан хурсандчилик қилиш имкониятини яратади. Оилавий яқинликни мустаҳкамлаш учун ҳам хизмат қилади. Кўпчилик ота-оналар учун фарзанд жинсини билиш ҳаётдаги янги босқичнинг бошланиши демакдир. Бу уларга келажак учун тайёргарликни бошқариш имконини беради. Gender party кўплаб ижодий усулларни талаб қилади. Мисол учун: янги ғоялар излаш, декорациялар ишлаб чиқиш ва махсус тайёрлов шулар жумласидандир. Бу эса оила аъзоларининг иштирокини оширади.

Баъзи психологлар фикрича, боланинг жинсини шов-шувли тарзда эълон қилиш унинг шахсий ҳаётига, келажакдаги жинсий идентификациясига таъсир қилиши мумкин. Бугунги кунда гендер идентификацияси янада мураккаб ва кенгроқ тушунилади, шунинг учун бу турдаги анъаналар болага ортиқча босим солиши мумкин. Кўп оилалар бу байрамларни ижтимоий тармоқларда кенг кўламда намойиш қилишади.

Бу эса аслида хотира сифатида қадр топиши керак бўлган лаҳзаларни шоу даражасига олиб чиқади, шахсий ҳаёт чегараларини ўзгартириб юборади. Баъзи Gender party’ларда ишлатиладиган материаллар, портлатиладиган балонлар, тутун ва ҳатто ёнғин хавфи каби ҳолатлар экологик зарар келтириши мумкин.

Аслини олганда, Gender party оилавий байрам бўлиши керак, ижтимоий тармоқларда “like” тўплаш учун қилинадиган анъана эмас. Бу урф-одатни ота-она ва яқинлар ўртасидаги илиқ, самимий лаҳзалар сифатида кўриш муҳим. Жинсни эълон қилишда ранглар ёки анъанавий белгиларни ишлатишдан кўра, бола келажагини ҳурмат қилиш, ҳар қандай жинс ва гендер идентификациясини қабул қилиш муҳим.

Gender party – замонавий оилалар учун фарзанднинг дунёга келишини нишонлаш ва ҳаяжонли лаҳзаларни яратиш воситаси. Аммо, у нафақат байрам, балки ижтимоий муҳит ва қадриятларга таъсир қилувчи воқеалик ҳамдир.

Жинсга боғлиқ стереотиплар, шахсий ҳаёт чегараларининг бузилиши каби салбий жиҳатларни инобатга олиб, Gender party анъанасини янада англаган ҳолда ва хавфсиз тарзда ўтказилиши зарур. Шундай экан, Gender party ҳақиқатан ҳам ҳаётимиздаги муҳим хотирани тарихга муҳрлашми ёки шунчаки ҳаммага кўрсатиб қўйиш учун бир кўрсатма бўлиб қолаяптими, деган саволга ҳар бир оила ўзининг маданияти, қадриятлари ва эҳтиёжлари асосида жавоб бериши керак.

 Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА