Тахтакўпирлик ёш спортчилар Ўзбекистонга танилмоқда

94

Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ва республика ҳукумати томонидан спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибор ва қўллаб-қувватлашлар натижасида спортчиларимиз халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, давлатимиз байроғини баландларда ҳилпиратмоқда.

Спортчиларимизнинг бундай юксак чўққиларни забт этишида мамлакатимиз ҳудудларида жойлашган спорт мактабларининг тутган ўрни алоҳида ҳисобланади. Чунки бу мактабларда ишлайдиган устоз-мураббийлар томонидан жажжи болаларимизга спортнинг илк сирлари ўргатилиб, уларга тўғри йўл-йўриқ берилади.

Тахтакўпир туманида жойлашган спорт мактаби ҳам шундай намунали таълим масканларидан бири бўлиб, бугунги кунда бу ерда спортнинг 17 тури бўйича 1582 спортчи таълим-тарбия олмоқда. Хусусан, спорт мактабида ҳудуд ёшлари спортнинг футбол, волейбол, баскетбол, гандбол, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, бокс, стол тенниси, бадминтон, дзюдо, қўл жанги, шахмат, жиу-житсу, енгил атлетика, оғир атлетика турлари билан шуғулланиб келмоқда. Уларга 43 нафар тренер-ўқитувчилар устозлик қилиб келмоқда.

– Юртимизда спортга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик натижасида мамлакатимиз дунёдаги энг йирик спорт державасига айланди, десам адашмаган бўламан, – дейди мактаб директори Бекберген Жаримбетов. Шунинг учун бугунги кунда қайси спорт туридан бўлмасин, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон миқёсида ўтказиладиган мусобақаларда спортчиларнинг ғалабага эришиши қийин бўлмоқда. Шу боис мактабимиз мураббийлари ўқувчилар билан яқин ҳамкорликда ишлаб, ўқув-машғулотларига катта эътибор қаратмоқда.

Чиндан ҳам тахтакўпирлик спортчилар бугунги куннинг талабидан келиб чиқиб, замонга мос қадамлар ташламоқда. Буни уларнинг ҳар хил спорт мусобақаларида қўлга киритаётган ютуқлари яққол тасдиқлайди. Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 22-29 март кунлари Тошкент шаҳрида, 3-8 апрель кунлари Нукус шаҳрида 15 ва 19 ёшлилар ўртасида волейбол бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатларида мактаб тарбияланувчилари Эсен Ансатбаев ва Азизбек Нуратдиновларнинг Қорақалпоғистон терма жамоаси таркибида кумуш ва бронза медалларини, 17-20 апрель кунлари Жиззах вилоятида ўзбек жанг санъати бўйича ўтказилган Осиё кубогида Ниетбай Сейилхановнинг кумуш, Айдана Алижанова ва Азима Шалабаеваларнинг бронза медалларини, 23-27 апрель кунлари Самарқандда жиу-житсу бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Нилуфар Қайпанованинг олтин, Гулдана Ўтемисованинг кумуш, Жайнагул Кенесбаева, Меҳрибон Жаббарбергенова, Ҳурзия Пахратдинова, Нуржанат ва Салтанат Юсуповалар, Перийзат Тилевбергеноваларнинг бронза медалларини, 20-23 декабрь кунлари Тошкентда жиу-житсу бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубогида Турсиной Бўронбоева, Меҳрибон Жабборбергенова ва Ҳурзия Пахратдиноваларнинг олтин, Нуржамол Жумабекова, Феруза Исмоиловаларнинг кумуш, Лаззат Жабборбергенова, Гулбону Шарапатдинова, Айгерим Бегдуллаева, Гулбону Мамбетниязова, Лайло Бектурганова, Барно Тангирбергенова ва Абдимансур Қодирбергеновларнинг бронза, 12-16 февраль кунлари қўл жанги бўйича Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Оқбўта Нағашбоеванинг бронза, Учу бўйича Ўзбекистон чемпионатида Давлат Қувонишбоев, Адилбек Мадреймов, Нуртас Арепбоев, Назар Носировларнинг кумуш, Раҳим Жанадилов, Муҳаммад Носиров, Жангелди Айимбетовларнинг бронза медали, 1-8 март кунлари Сирдарё вилоятида волейбол бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Ойсулув Тастайбекованинг кумуш, 27-29 август Тошкент вилоятида волейбол бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубогида Айжан Серекееванинг бронза медали, 14-20 сентябрь кунлари қўл жанги бўйича Хоразм вилоятида ўтказилган Ўзбекистон кубогида Юлдуз Матекееваларнинг олтин, Оқбота Нағашбаеванинг кумуш медалларни қўлга киритиши мактабда фаолият юритаётган мураббийларнинг фидокорона меҳнатлари меваси десак бўлади.

– Сўнгги йилларда Республика ҳукумати ва туман раҳбарларининг қўллаб-қувватлаши билан мактабимизнинг моддий-техник базасини янгилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда,-дейди мактаб директори Бекберген Жаримбетов. – Хусусан, мактабимизга «Давқара» спорт мажмуаси қуриб берилган бўлса, 2024 йилда «Очиқ бюджет» порталидан 1 млрд 360 млн сўмлик маблағ ютиб олиниб, спорт мактабига капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, 2024 йилнинг «Очиқ бюджет»нинг иккинчи мавсумида яна 1 млрд 359 млн сўмлик маблағ ютиб олиниб, унга мактабимиз учун зарур бўлган спорт анжомлари, компьютер, аудио ва видео техникалари сотиб олинди. Ҳозирги кунларда ёш спортчиларимиз бундан самарали фойдаланиб, ўқув машғулотларини ўтказиб келмоқда.

Албатта, мактаб тарбияланувчиларининг бундай яхши натижаларни қўлга киритилишида устоз-мураббийларнинг бажараётган хизматлари алоҳида ҳисобланади. Улар орасида Саламат Ўтениязов, Қаллибек Жамғирбоев, Гулноз Қайипбекова, Жайна Есимова, Давлатли Усақов, Руфат Абдижалилов ва Ойбек Жубатқановлар ўзларининг фидойиликларини кўрсатмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси