Кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам пуллари ўз вақтида молиялаштирилмоқда

Юртимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига зарур моддий ёрдамлар кўрсатиш, тизимли равишда камбағалликдан чиқариш тобора такомиллашиб бормоқда.
Бу борада “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ташкил қилинган бўлиб, бунда кам таъминланган оилалар топширган аризалар кўриб чиқилади ва ушбу рейстрга киритилади.
Хусусан, жорий йилнинг сентябрь ойи учун 620 мингта кам таъминланган оилаларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан жами 339,9 млрд. сўм маблағлар АТ “Халқ банки” га тўлиқ молиялаштирилиб, шундан 27 484 та оилага 11,8 млрд. сўм моддий ёрдам маблағлари ажратилган.
Маълум бўлишича, кам таъминланган оила сифатида нафақа олувчиларнинг 93,7 фоизига банк карталари орқали тўловлар амалга оширилади.
Нафақа пулларини нақд шаклда олувчи оилаларга жорий ой тўловлари Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан ойнинг 27-санасига қадар етказиб берилиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам пулларининг молиялаштирилиши ўз вақтида амалга оширилиб келинмоқда. Бу эса уларнинг турмуш тарзи фаровонлашувига хизмат қилмоқда.
Шербек Исломов, ЎзА