Ҳиндистонлик шифокорлар халқимизга хизмат кўрсатмоқда

114

Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий тажрибани юртимизга олиб кириш бўйича бир қатор ижобий чора-тадбирлар амалга оширилиб, дунёдаги энг машҳур тиббиёт клиникалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Ана шундай ҳамкорликлар натижасида юртимизда хорижнинг тажрибали шифокорлари томонидан бепул тиббий кўриклар, мураккаб операциялар амалга оширилмоқда.

23 сентябрь куни шундай амалий тадбирларнинг давоми сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан Нукус шаҳрида тиббиёт соҳаси энг яхши ривожланган давлатлардан бири Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридаги энг нуфузли дунёга машҳур «BLK-Max» шифохонасининг тажрибали нейрохирург-невропатолог, гепатолог-гастроэнтеролог, онколог ва ортопед-травматолог шифокорлари томонидан беморлар бепул тиббий кўриклардан ўтказилиб, уларга зарур бўлган маслаҳатлар берилди.

Ушбу тадбир бугун ҳам Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон филиали ҳамда О.Халмуратов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказининг поликлиникасида амалга оширилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги