Фермер тадбиркорлик қилишга йўл қўйилмайдиган ишга ўтса, фермер хўжалигини оила аъзосига бериши мумкин

108

Ерга оид муносабатларда тенгликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари, фермер, деҳқон хўжаликларининг ўз товарлари (ишлари, хизматлари) нархини эркин белгилашни, уларнинг фаолиятига айрим маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан аралашишнинг олдини олиш бўйича қонунчиликдаги нормаларни мустаҳкамлаш зарурати юзага келяпти.

Шу мақсадда Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилаётган қўшимчаларга кўра, товарлар (ишлар, хизматлар) ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига ва (ёки) реализация қилинишига аралашганлик ёхуд тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланяпти.

Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида ўз ифодасини топмоқда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасидан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган мазкур қонун лойиҳаси депутатлар ва мутахассислар иштирокида дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ижарага олиш шартномаси бўйича ўзига ижарага берилган икки ёки ундан ортиқ ер участкаларидан бири ёки бир нечтаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши (қисман қайта ижарага бериши) назарда тутиляпти.

Шу билан бирга, фермер хўжалиги бошлиғи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган ишга қабул қилинган тақдирда, фермер хўжалигини ўз оила аъзоларидан бирига бериши мумкинлиги таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланиш, маҳсулотлар етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг молиявий имкониятларини оширишда муҳим ўрин тутади. Депутатлар ушбу ҳужжат лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА