Илғор ёш теримчилар рағбатлантирилди

107

Ҳозирги кунларда республикамиздаги пахтачиликка ихтисослашган кластерлар ва фермер хўжаликлари далаларида пахта йиғим-терими ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Қувонарлиси, бу ишларда ҳудудларда яшовчи уюшмаган ёшлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Албатта, уларнинг бу хизматлари республика ҳукумати ва туман ҳокимлиги томонидан эътиборга олиниб, чаққон қўлли илғор теримчилар ўз вақтида рағбатлантириб борилмоқда.

Қораўзак тумани Қуралпа овул фуқаролар йиғинида жойлашган «Байбура» фермер хўжалигида уюшмаган ёшлар ўртасида пахта териш бўйича мусобақа ташкил этилди. Бир кун давомида ўтказилган мусобақа якунида, биринчи ўринни 238 кг пахта терган Жузимгул Еримбетова қўлга киритди.

Иккинчи ўрин 208 кг пахта терган Гулайша Мусабековага, учинчи ўрин 181 кг пахта терган Ерсултон Муртазоевга насиб этди.

Мусобақа якунида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Ш. Отемисов, туман ҳокими А. Баймуратов ва туман прокурори Б.Аберқуловлар ёшларга ҳормасин айтиб, уларга туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғаларини топширди.

Тадбир давомида пахта теримига ёрдамга келган теримчиларга Қораўзак тумани Маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Бундай тадбирлар республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси