Терим мавсуми уюшқоқлик билан  олиб борилмоқда

133

Халқимизнинг бойлиги бўлган оқ олтинни  ёғингарчиликка қолдирмай тўлиқ териб олиш бугунги куннинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Эрта баҳордан бошлаб, ёзнинг жазирамаси демай меҳнат қилган фермер хўжалиги аъзолари бу муҳим вазифани жадаллик билан олиб бориб, белгиланган режани бажариб, юртимизнинг оқ олтин хирмонига ҳисса қўшишни ўзларининг муқаддас бурчи деб билади. Айни пайтда юртимизнинг барча жойларида пахта йиғим-терими ишлари давом этмоқда.

Тахиатош тумани «Найманкўл» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган фермер хўжаликларида ҳам 2025 йилги пахта терими мавсуми юқори даражада уюшқоқлик билан давом этмоқда. Бу мавсумда уйида бўш ўтирган ишсиз фуқаролар учун йиғим-терим мавсуми ҳақиқий меҳнат ва даромад мавсумига айланмоқда. Қишлоқ фаоллари ва фаол теримчилар томонидан терим ишларига салмоқли ҳисса қўшилмоқда.

-Уй бекаси бўлиб уйда ўтирган эдим. Пахта терими бошланганидан буён мавсумга қатнашиб келяпман. Фермер томонидан яхши шароитлар яратилган. Иш ҳақимизга пахтанинг килосига икки минг сўмдан тўлаб беришяпти. Кунига юз килограммдан зиёд пахта теряпман, – дейди найманкўллик Базаргул Шамуратова.

Тумандаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари раислари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этаётган қишлоқ меҳнаткашларига тасанно айтиб, пахта теримига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Шунингдек, яхши теримчилар рағбатлантириб борилмоқда.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги