Рағбат устозларни эзгу ишларга интилдирмоқда

146

Тахтакўпир туманидаги 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳудуддаги энг намунали ўқув даргоҳларидан бири бўлиб, мактабга тажрибали педагог «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» Қатшахон Баймурзаева раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғини марказида жойлашган мактабда бугунги кунда 450 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга ўз касбининг устаси бўлган 51 нафар ўқитувчи сабоқ бермоқда. Ўқув муассасасида ўқувчиларнинг замон талабига мос таълим-тарбия олиши учун барча қулай шароитлар яратиб берилган.

– Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш натижасида, қишлоқ жойлардаги мактабларда ҳам шаҳардагидек шароитлар яратилиб, бу ўқувчилар билан бирга педагог-ходимларга ҳам кенг имкониятларни бермоқда, – дейди Қатшахон Баймурзаева. – Айниқса, ўқитувчиларимизнинг пахта йиғим-терими ва бошқа жамоат ишларидан озод этилиши, уларнинг ўз устида янада кўпроқ изланишига имконият яратди. Бунинг натижасида, мактабимиз ўқитувчиларининг билим ва иш тажрибаси ошиб, ўқувчилари фан олимпиадалари, турли танлов ва спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритиб келмоқда. Албатта, ўқитувчиларнинг қилган бу меҳнатлари мамлакатимиз раҳбарияти ва вазирлик томонидан ўз вақтида рағбатлантирилиб, уларнинг айримларининг ойлик маошлари Президентимиз айтганидек 1000 АҚШ долларига етмоқда.

– 1999 йилдан буён ушбу мактабда қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга дарс бериб келмоқдаман, – дейди мактабдаги шундай намунали ўқитувчилардан бири Гулшод Омарова. – 2021 йилда Манзура Мамбетназарова номли ўқувчим 11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган фанлар олимпиадасининг Ўзбекистон Республикаси босқичида 3-ўринни эгаллаган бўлса, 2022 йилда Дилфуза Еримбетова деган ўқувчим туманда ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида муносиб иштирок этди. Менинг ўзим ҳам мактабни битирадиган йилим ҳозир университетда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган ҳурматли устозим Қўнисбай Юсуповнинг менга берган билими туфайли, ўқувчилар орасида ўтказилган фанлар олимпиадасида Қорақалпоғистонда 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлган эдим. Бугунги кунда ўша устозимдан олган билимларимни ёш авлодга чарчамасдан ўргатиб келяпман. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида рағбатлантирилиб, ҳозирги вақтда мактабдан 13-14 млн сўм ойлик маош олиб юрибман. Бунинг учун ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёевга катта раҳмат айтаман.

Ҳақиқатда ҳам, қилган меҳнатингнинг мевасини кўрганга нима етсин. Кўксини «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» ва «Ибратли аёл» кўкрак нишонлари безаган Гулшод Омаровани ўзларига ўрнак тутиб, шундай намунали устоз бўлишни ният қилган ўқитувчилар мактабда кўпчиликни ташкил этади. Улар орасида Инглиз тили фани ўқитувчилари Гулжаҳон Турғанбоева, Гулноз Мирзахонова, бошланғич синф ўқитувчиси Бийбигул Турдимуратова, тарих фани ўқитувчиси Наргиза Яхшилиқова, жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Байрам Эмбергенов, қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Айнура Рейимбаевларни айтиб ўтиш мумкин.

– 2024 йилнинг биринчи мавсумида «Очиқ бюджет» порталидан 1 млрд 350 млн сўм ютиб олиб, унга мактабимиз ёнидан яшил қопламали, усти ёпиқ футбол майдончасини қурдирдик, – дейди Қ.Баймурзаева. Шунингдек, ушбу маблағ ҳисобидан болалар учун спорт майдончаси қурилиб, 16 та видеокамера сотиб олинди.

Мана, ўзларига яратилган қулайликлардан самарали фойдаланиб келаётган мактаб жамоасининг олдига қўйган мақсадлари жуда кўп. Ҳозирги кунларда улар бу эзгу ишларни амалга ошириш учун фидойилик билан иш олиб бормоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси