Салом Қўқон, салом фестиваль! (+видео)

108

Қўқон дунё ҳунармандларининг пойтахтига айланди. 70 та давлатдан келган 278 нафар хорижлик ва республикамизнинг турли вилоятларидан мингга яқин ҳунармандлар Қўқонда ўтаётган III Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва Халқаро кулолчилик форумида қатнашмоқда.

Шунингдек, анжуманда халқаро даражадаги тадқиқотчилар, олимлар, дизайнерлар ва амалий соҳадаги мутахассислар иштирок этмоқда. Халқаро матбуот маркази орқали 50 дан ортиқ журналист ва блогер тадбирни ёритиб бормоқда.

Бугун шаҳарнинг марказий кўчаси бошига ўрнатилган рамзий дарвоза олдида фестивалнинг рамзий тасмаси кесилди ва карнай-сурнай наволари остида  иштирокчилар шаҳарга кириб келди. Улар орасида ноёб ҳунар сирларини авлоддан-авлодга ўтказиб келаётган устазодалар, ҳунармандчилик илмини рўёбга чиқарган олимлар, қўли гул дизайнерлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари менежерларигача бор эди.

– Мен Австриядан келдим. Касбим қўғирчоқлар ясаш ва улар учун кийим тикиш. Бунда мен тарихий асар қаҳрамонлари, замонавий кийим дизайнларидан андоза оламан, – дейди Патрик Селватор. – Қўқон, Ўзбекистон менга жуда ёқди. Ҳунарманд шунчалар қадрланадиган юртни кўрмагандим. Ҳайратим чексиз. Ҳа, дарвоқе, Австрия павильонига келинг, қўғирчоқларимни кўринг.

– Биз Беларусдан келдик. Шахсан мен Қўқон фестивалида иккинчи бор иштирок этяпман, – дейди ўзини тўқувчи дея таништирган Марина Гушо. – Таассуротларим чексиз. Ўзбекистон дунё ҳунармандчилиги ривожига жуда катта ҳисса қўшмоқда. Шундай фестиваллар беларусь ҳунармандчилиги халқаро майдонда муносиб ўрин топишига ҳам сабаб бўляпти.
III Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг яна бир ўзига хос жиҳати шунда эдики, бу гал имконияти чекланган ҳунармандлар ҳам бошқа ҳамкасблари қатори баб-баробар иштирок этмоқда.

– Мен Қашқадарёдан келдим, – дейди Маҳлиё Йўлдошева. – Ҳеч қачон халқаро фестивалларда қўл меҳнатим намуналари билан иштирок этаман деб ўйламагандим. Президентимиздан чексиз миннатдорман. Улар туфайли ногиронларнинг қадди кўтарилди. Масалан, менинг арзимас хизматимни юқори баҳолаб “Шуҳрат” медали билан тақдирладилар. Фестивалга бошқа давлат ҳунармандлари маҳсулотидан кам бўлмаган қўл ишларимни олиб келганман.

Ўрда майдони этагида минглаб ҳунармандларни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров қутлади.

Жаҳон ҳунармандлар кенгаши раиси Саад ал Қаддуми Ўзбекистон халқи ва унинг Президентига учинчи бор дунё ҳунармандларини жамлаб, ўзаро тажриба алмашиш, ютуқларини намойиш этиш учун яратган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг бу йил қуриб битказилган жаҳон ҳунармандлари кўргазмасига кираверишдаги “Хўқанди латиф” аталмиш арк ва кўргазма савдо пештоқлари очилди. Фестиваль қатнашчилари ҳамда Қўқон аҳли унинг биринчи томошабини бўлди. Бу ердан 70 та мамлакат усталари ҳамда мамлакатимиз ҳунармандлари ясаган, тўқиган, ишлаб чиқарган маҳсулотлар жой олган.

Фестивалнинг биринчи куни тарихий воқеа рўй берди.
Қўқон шаҳри марказидаги Алломалар музейи расмий равишда Халқаро ҳунармандлар музейи мақомини олди ва унга жаҳон ҳунармандчилигини ривожлантиришда катта ҳисса қўшган арбоб, тадқиқотчи ва зиёли хоним Ғада Ҳижжавий-Қаддуми номи берилди.

Ғада Ҳижжавий-Қаддуми номи дунё ҳунармандлари учун қадрли. У бутун умрини халқ истеъдодини юзага чиқариш, ҳунармандчиликни ривожлантириб санъат мақомини олиши ва уста-устазодаларни қўллаб-қувватлашга бағишлаган эди. Қўқон I Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг ташкилотчиларидан бири ҳам Ғада хоним бўлган. Афсус, бугун у орамизда йўқ. Аммо унинг қилган ишлари муносиб тақдирланмоқда.

– Мен онамнинг камтарона фаолиятига шундай юксак баҳо берилишини кутмагандим, – дейди Ғада хонимнинг ўғли, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши раиси Саад ал Қаддуми. – Онам Ўзбекистон ҳақида ҳамиша юксак эҳтиром билан гапириб берар эди. Унинг халқи истеъдодли, Президенти эса халқпарвар раҳбар, дерди. Ҳунармандлар музейига онамнинг номи берилиши мен учун ҳам жуда катта масъулият юклайди. Энди кучимга куч қўшиб ишлайман.

Музей мақоми доимий фаолият кўрсатадиган қилиб белгиланди. Фестиваль иштирокчиси бўлган ҳунармандлар ўзларининг 600 дан зиёд маҳсулотларини музейда намойиш қилиш учун беғараз ҳадя этдилар.

– Мен Ғада Ҳижжавий-Қаддуми хоним билан 2019 йили Қўқон I халқаро ҳунармандчилик фестивалида танишган эдим. Шубҳасиз, Ғада хоним дунё ҳунармандчилиги ривожига жуда катта ҳисса қўшган, – дейди Россия вакили бошқирдистонлик Гўзал Каримова.

Шу куни Ўзбекистон ҳунармандчилиги анъаналари ва ривожи ҳақида батафсил маълумот берувчи “Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китоб-альбоми ҳам тақдим этилди. Мазкур нашрда юртимизда асрлар давомида шаклланиб келган ҳунармандчилик мактаблари, уста-шогирд анъаналари, турли ҳудудлардаги бадиий услублар ва замонавий ривожланиш тенденциялари ҳақида бой маълумотлар ўз аксини топган.

Китоб тақдимотида сўз олган Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бундай китоб-албомлар халқнинг минг йиллар давомида ортирган тажриба ва маҳоратини тарихга муҳрлайди, деди. Жаҳон ҳунармандлар кенгаши раиси Саад ал Қаддуми “Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китоби бошқа тилларга ҳам таржима қилинишини ва дунё мамлакатлари ҳунармандлари учун у фойдали эканини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг покистонлик киноижодкорлар яратган ёғоч ўймакорлигига бағишланган фильм намойиш этилди.

Фестивалнинг муҳим воқеаларидан бири илмий-амалий анжуман эди.

Қўқон давлат мусиқали драма театрида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади. Унда Франция, Австрия, Эрон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан 38 нафар мутахассис иштирок этмоқда. Мазкур конференцияда йўқолиб бораётган анъанавий ҳунар турларини асраб-авайлаш, уларни замонавий шароитда қайта талқин қилиш, музей экспонатларини сақлаш ва туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама этилмоқда.

Барчанинг тилида бир гап: салом Қўқон, салом фестиваль!

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

ЎзА мухбири