Демократик ривожланишда фуқаролик жамиятининг ўрни

105

Пойтахтимизда “Ўзбекистоннинг демократик ривожланишида фуқаролик жамиятининг ўрни: глобал чақириқлар ва истиқболлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан 15 сентябрь – Халқаро демократия куни муносабати билан БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), шунингдек, “Юксалиш” ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил қилинди. Унда Швейцария, Польша, Япония, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатлардаги “ақл марказ”ларидан ташриф буюрган халқаро экспертлар, мамлакатимиздаги қатор фуқаролик жамияти, илмий-тадқиқот институтлари ва давлат органлари вакиллари, мутахассислар иштирок этди.

Тадбирни Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори Азамат Пардаев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари, ННТларнинг жамиятдаги ўрни ошиб бормоқда. Фуқаролик жамияти институтлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда, стратегик мақсадларга эришиш жараёнида давлат идоралари ва ташкилотларига чинакам кўмакдош бўлиб, жамият ва давлатни боғловчи ижтимоий кўприк вазифасини бажармоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди. Бу борада «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида алоҳида вазифалар белгиланган, янгиланган Конституцияда мазкур институтга алоҳида боб ажратилиб, конституциявий мақом берилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 30 мингга яқин фуқаролик жамияти институтлари фаолият юритмоқда ва уларда 150 мингдан ортиқ фуқаро меҳнат қилмоқда.

Конференцияда халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, хорижий давлатлардан ташриф буюрган мутахассислар фуқаролик жамияти институтларининг мамлакат ривожидаги, демократик жараёнлардаги ўрни, иштирокининг аҳамияти хусусида фикр билдириб, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини кенг эътироф этди.

Хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Маҳл хоним Ўзбекистонда ННТларни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарасида муҳим натижаларга эришилаётганини таъкидлади:

– Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида ҳуқуқий прогресс кузатилмоқда. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларини қайта рўйхатдан ўтказиш ва рамзларини рўйхатга олиш муддати 1 ойдан 15 кунга қисқартирилди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз нутқларида фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратади. Бугунги кунда Ўзбекистонда фаол фуқаролик жамияти институтлари кўпаймоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллиги ошмоқда. Уларнинг фаолиятига аралашмаслик, тўсиқ бўлмаслик борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолият муҳим аҳамиятга эга. Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида инклюзивликни янада кенгайтириш лозим. БМТ жамоаси Ўзбекистоннинг ННТлар йўналишида ўз зиммасига олган вазифаларини бажаришида кўмаклашишга доим тайёр.

Шунингдек, конференцияда сўз олган БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман бундай кўламдаги тадбир Марказий Осиё бўйича биринчи марта Ўзбекистонда ўтказилаётганини алоҳида эътироф этди:

– Бугунги кунда демократик жараёнларни кучайтириш нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасининг барқарор тараққиёти учун долзарб аҳамиятга эга. Мазкур халқаро конференция ҳам ана шу жараёнларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўзбекистонда кейинги йилларда демократик ислоҳотлар йўлида катта қадамлар қўйилмоқда, бу жараёнлар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида алоҳида белгиланган. Мамлакатда ННТлар фаолияти жадал ривожланмоқда. Фуқаролик жамияти институтлари орасида инклюзивликни ошириш, ижтимоий инновациялар тизимини яратиш ва жорий этишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, бугунги рақамлаштириш жараёнлари жамиятларни бирлаштиришдан кўра кўпроқ тарқатишга сабаб бўлмоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз демократик жараёнларнинг амалий самарасини жамият ҳаётида кўрсатиш ва унинг барқарор ривожланиш жараёнларига хизмат қилишига эришишдан иборат.

Анжуманда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Халқ билан мулоқот” тамойили Ўзбекистонда давлат бошқарувининг кундалик стандартига айлангани, фуқароларга давлат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, қарор қабул қилиш жараёнларига таъсир ўтказиш ва натижани назорат қилиш имкони берилаётганини эътироф этди. Бу жараёнда очиқлик ва ҳисобдорликни амалда таъминлаш борасида ОАВнинг, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаолларининг иштироки кенгайиб бораётгани, интернет қамрови 2017-2024 йилларда 48,7 фоиздан 93,3 фоизгача ошганини қайд этди.

 


Муҳокамаларда иштирокчилар мамлакатда ННТларни ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларининг дастур ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, демократик жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этдилар. Хорижий давлатларнинг ушбу йўналишдаги тажрибалари юзасидан фикрлар билдирилди.

Мазкур халқаро анжуман демократия ва фуқаролик жамиятини кучайтиришда маҳаллий ва хорижий экспертлар учун кенг мулоқот платформаси, ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,

ЎзА мухбири