Ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи юксалиб бормоқда

Сир эмас, сўнгги йилларда республикамизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, халқ хўжалигининг барча соҳалари каби таълим соҳасида ҳам улкан ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқда.
Республикамизнинг шаҳар ва қишлоқларида янги таълим муассасалари қад ростлаб, эскиларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди ва уларнинг моддий-техник базаси янгиланди.
Тахтакўпир туманидаги ихтисослаштирилган мактаб ҳам шундай янгидан иш бошлаган ўқув масканларидан бири бўлиб, мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги Фармони асосида ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу ўқув даргоҳида аниқ ва табиий фанлар йўналиши бўйича 317 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
– Мактабимизда ўқувчиларнинг замон талабларига мос ўқиб билим олиши учун барча қулай шароитлар яратилган, – дейди Ширин Бердиева.
– 2020 йилда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтини математика мутахассислиги бўйича тугатиб, Тахтакўпир туманидаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишладим, – дейди Шаҳноза Тўлибоева.- Ҳозирги вақтда Тахтакўпир туманидаги ихтисослаштирилган мактабда ўқувчиларга математика фани бўйича дарс бериб келмоқдаман. Муҳтарам Президентимизнинг ўқитувчиларга кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлаши натижасида, педагогларнинг самарали ишлаши учун мактабимизда барча қулай шароитлар яратиб берилган. Ўқув хоналаримиз дарс ўтишимиз учун энг замонавий зарур жиҳозлар билан таъминланиб, ўқувчиларга сифатли билим бериб келмоқдамиз. Ҳозирги вақтда иш ҳақларимиз ҳам кўпайиб, ойига 10-11млн сўмдан ойлик оляпмиз. Бунинг учун мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевга катта раҳмат айтамиз.
– Мактабимизда ўз фанлари бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар кўп,-дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Нурлепес Жубанишов.-Хусусан, биология фани ўқитувчиси Бахитгул Талханбаева, қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Айша Камалова, физика фани Абдишерип Бектемиров, математика фани ўқитувчиси Руслан Сайимбетовлар 12-13 млн сўмдан ойлик олмоқда. Бу ўқитувчиларимизга алоҳида куч-ғайрат бағишлаб, уларни эзгу мақсадлар сари ундамоқда.

Албатта, ўқитувчиларга кўрсатилаётган бундай юксак ҳурмат ва рағбат ўзининг ижобий самарасини бериб, мактаб ўқувчилари туман ва республика миқёсида ўтказиладиган фан олимпиадалари ва танловларда ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси