Экология масалаларида ёшларнинг фаоллиги ортмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти томонидан сентябрь-октябрь ойларида «Экология ва ёшлар» ойлиги эълон қилиниб, жойларда ушбу ойлик доирасида тадбирлар ўтказилмоқда.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Экологик одатлар ҳаётни ўзгартиради» мавзусида ўтказилган семинарда ёшларнинг табиат билан мулоқоти, уларнинг ташаббуслари ва фаоллиги ҳақида кенг тарзда фикр алмашилди.
Семинар давомида экологик муаммоларни ҳал этишда ёшларнинг фаоллигини ошириш, экологик ташаббусларини илгари суриш ва уларни амалий лойиҳалар орқали қўллаб-қувватлаш, экологик одатларнинг кундалик турмушдаги ўрни масалалари муҳокама қилинди.
– Семинарнинг мақсади ёшларимизни табиатга бефарқ бўлмасликка, уни яшиллантиришга ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини англашга ундашдан иборат, – дейди «Экология ва саломатлик» аёллар клуби кенгаши раиси Айдана Абдираҳмонова. – Агар ёшларимиз атроф-муҳитни асраб-авайлашга бел боғласа, эртанги кунимиз янада соғлом бўлиб, юртимиз гуллаб-яшнайди.
Шунингдек, тадбир давомида талаба-ёшларга экологик қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, депутатларнинг мажбуриятлари ва маҳаллий даражадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашдаги роли ҳақида кенг маълумот берилди.

Семинарда иштирокчилар экологик масъулиятни чуқур англаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқаролик жамиятида фаол иштирок этиш борасида чуқур тушунчага эга бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги