Таълим соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлиги муҳокама қилинди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг таълим соҳасига бўлган алоҳида эътибори натижасида соҳада кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда Мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалга оширилишини таъминлаш, келажагимиз бўлган фарзандларимизга сифатли таълим-тарбия бериш, устоз ва мураббийларни эъзозлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Жумладан, бугунги кунда болаларни боғчаларга қамраб олиш кўрсаткичи 2017 йилга нисбатан 27 фоиздан 84 фоизга етказилгани, бу соҳада босқичма-босқич ижобий натижаларга эришилаётганидан далолат беради.
Республикамиз ҳудудларида янги давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилиши, болалар учун қулай шароитлар яратилиши бу борада катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратов иштирокида республикамиздаги Мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда соҳада учраётган камчиликлар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, ўзларида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланмаётган, таълим-тарбия жараёнига лоқайдлик билан ёндашаётган айрим раҳбарларнинг фаолияти кескин танқид қилиниб, келажак авлодга таълим-тарбия беришдек масъулиятли вазифага эътиборсизлик билан қараш мумкин эмаслиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида мутасаддиларга соҳага оид давлат дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, раҳбарларнинг масъулиятини ошириш, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги