Асосий мақсад ва вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан республикамизда партия фаолиятини янада жонлантириш, депутатларнинг ваколатларидан самарали фойдаланишини таъминлаш мақсадида учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши вакиллари, маҳаллий Кенгашларга партиядан сайланган депутатлар иштирок этди.
Унда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳамеджанова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Руслан Джумамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Улиқбек Жалменовлар сўзга чиқиб, депутатлар томонидан 2025 йилнинг саккиз ойи давомида амалга оширилган ишларни танқидий кўриб чиқди ва 2025-2029 йилларга мўлжалланган партия Сайловолди дастурида белгиланган дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда сўзга чиққанлар партия ташкилотлари томонидан ҳудудда амалга оширилаётган ишларга, ютуқ ва камчиликларга эътибор қаратиб, партиянинг дастурдаги мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқариш, депутатлар томонидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятларни аниқлаш, сайловчилар ва электорат манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Хусусан, Феруза Муҳамеджанова ўз нутқида «Бугунги кунда сайловчиларни оддий ҳисобот ёки қуруқ ваъдалар билан ишонтириб бўлмайди. Сиёсий онги ва тафаккури тобора юксалиб бораётган халқ депутатлардан амалий ишлар ва аниқ ташаббуслар кутади. Шунинг учун ҳар бир халқ вакили ўзининг депутатлик мақомига муносиб тарзда, катта масъулият билан иш олиб бориши зарур,» деб таъкидлади. Шунингдек, у маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳлари ва депутатларни ўз ваколатларидан самарали фойдаланишга чақирди.
Учрашувда депутатлар томонидан партиянинг дастурий вазифаларини янада самарали амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Хусусан, ёшлар билан ишлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш, миллий қадриятлар ва тарихий мерос объектларини асраб-авайлаш, таълим ва маънавият соҳасидаги қатор лойиҳалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунида самарали фаолият олиб борган бир қатор депутатлар партия Марказий Кенгаши томонидан Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси