Элликқалъалик фермер пахта топшириш режасини бажарди

99

Элликқалъа тумани Оқчакўл овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Худайберген Эрназаров» фермер хўжалиги давлатга пахта топшириш бўйича белгиланган режани тўлиқ бажарди.

Эрта баҳорда 30 гектар ерга чигит қадаган хўжалик аъзолари, ёз бўйи қилинган агротехник қоидаларга мувофиқ олиб борилган парвариш ишлари натижасида, далаларда мўл ҳосил етиштиришга эришди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 13 февралдаги ПҚ-71-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, ҳар бир гектар ерга 500 килограммдан биогумус ўғити солинди ва бу ўзининг яхши натижасини берди,-дейди хўжалик раҳбари Илҳом Эрназаров.-Бу ташаббус туфайли, далаларда нафақат ҳосилдорлик ошди, балки давлат томонидан ҳар бир гектар учун 1 миллион сўмдан субсидия ажратилди ва бу бизлар учун катта ёрдам бўлди.

Бугунги кунга қадар ҳар гектар ердан ўртача 40 центнердан ҳосил етиштирган хўжалик аъзолари келгусида пахта йиғим-теримига яна да қизғин киришиб, мамлакатга яна 10 тонна маҳсулот топширишни режалаштирмоқда. Бунинг учун уларда барча имкониятлар мавжуд.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси