Аббоз овози Қоратеран бўйларида янгради

78

Янги Ўзбекистонда бунёдкор инсонларга алоҳида эътибор қаратилиб, халқимизнинг маънавий дунёси, маданияти ва маънавиятини бойитиш йўлидаги эзгу ишлар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Бу азалдан халқимизга хос адабиёт, маданият, санъат, ижодга бўлган алоҳида меҳр ва эътибор ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида – «Адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало, халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллатнинг яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ,» – деган эди. Халқимизнинг маънавий дунёсини бойитишда адабиётнинг, маданиятнинг ўрни беқиёс экан, демак биз ўзларининг ўлмас дурдона асарлари билан халқимизга танилган ёзувчи-шоирлар ва ижодкор инсонларнинг ҳаётини, ибратли меҳнат йўлини ўсиб келаётган ёш авлодларга чуқурроқ таништира боришимиз даркор. Ана шундай ўзига хос ижодий йўли билан халқимиз қалбидан чуқур жой олган қиссахон шоир, Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон халқ куйчиси Аббоз Дабилов бўлди.

Бу йил буюк сўз заргари таваллудининг 127 йиллиги нишонланмоқда.

Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Тахтакўпир тумани ҳокимлиги ташаббуси билан 18 сентябрь куни Тахтакўпир туманида машҳур шоир ва қиссахон Аббоз Дабилов хотирасига бағишланган «Аббоз овози – Қоратеран оҳанглари» фольклор фестивали бўлиб ўтди.

Фестиваль доирасида қиссахонлик ва айтишув жанри бўйича мусобақа, шунингдек, фольклор-этнографик жамоалари ўртасида «Миллий қадриятлар оҳанглари» номли мусобақа бўлиб ўтди.

Ўтказилган фестивалда республикамизнинг кўплаб ҳудудларидан ҳаваскор шоир, қиссахон, бахши, оқин ва фольклор ансамбллари иштирок этди ва уларнинг саҳнага чиқишлари тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланиб борилди.

Ўта қизиқарли ўтган танлов якунида, айтишув жанри бўйича биринчи ўринни тахтакўпирлик шоир Эркебулан Қўлқанатов қўлга киритган бўлса, фахрли иккинчи ва учинчи ўринлар кегайлик Дилноз Ўтемуратова ва нукуслик ёш шоир Муҳаммаддин Айтжановга насиб этди.

Қиссахонлик бўйича ўтказилган мусобақада эса Тўрткўл туманидан келган ёш қиссахон Исломбек Зийнатдинов бош соврин соҳибига айланди.

Танловнинг фахрли иккинчи ўрнини нукуслик шоир Раваж Отарбаев ва чимбойлик ёш истеъдод соҳиби Марқабой Алимбетов, фахрли учинчи ўринни тақятослик Кумисой Мустафоева, қонликўллик Даметкен Турекеева ва тахтакўпирлик Нурсулув Қаллибековалар қўлга киритди.

Фольклор-этнографик жамоаларининг «Миллий қадриятлар созлари» номли республика танловида эса, 3-ўринни Тўрткўл туманининг «Айналайин» қозоқ фольклор-этнографик ансамбли ва Кегейли туманининг «Оқтуба» фольклор-этнографик ансамбли ғолиб бўлишга муваффақ бўлди.

Мукофотли иккинчи ўрин Қораўзак туманининг «Минг туман» ва Элликқалъа туманининг «Бўстон гуллари» фольклор-этнографик ансамблига, биринчи ўрин Нукус шаҳрининг «Сув серпар» фольклор-этнографик ансамблига насиб этди.

Фестивалнинг бош соврини бўлган «Гран-При»ни эса, саҳна эгалари ҳисобланган Тахтакўпир туманининг «Мерос» фольклор-этнографик ансамбли қўлга киритди.

Танлов якунида Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Б.Аллаков ва Тахтакўпир тумани ҳокимининг ўринбосари Ш.Бектурганов сўзга чиқиб, ғолибларни эришган ютуқлари билан табриклади ҳамда уларга ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом ва эсдалик совғаларини топширди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси