Маданият соҳасида ҳам ишлар яхши йўлга қўйилмоқда

95

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан соҳада амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжумани аввалида маданият вазири Бегис Темирбаев 2025 йилнинг шу кунгача амалга оширилган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳисобот берди.

Хусусан, йил бошида маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар режаси белгилаб олиниб, 2 минг 977 та турли тадбирлар ташкил этилгани маълум қилинди.

3 та давлат театрида 915 дан ортиқ спектакль қўйилиб, уларга 186 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган. Жамоалар 7 та халқаро маданий тадбирда муносиб иштирок этди.

Шаҳар ва туманлардаги маданият марказлари томонидан 3 минг 650 та маданий-кўнгилочар тадбир ўтказилиб, аҳолига маданий хизмат кўрсатилди. Бугунги кунда фаолият юритаётган 60 та маданият марказида республика бўйича жами 210 та тўгарак фаолият юритаётган бўлса, уларга 2287 нафар иштирокчи мунтазам равишда қатнашади.

Бугунги кунда вазирликка қарашли 2 та олийгоҳ филиали, 3 та ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаби, мактаб-интернатлар ҳамда 24 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида жами 9 минг 677 нафар ўқувчи ва талаба таълим олмоқда. Уларга 1 минг 722 нафар ўқитувчи ва профессорлар ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда.

Йил бошидан бугунги кунга қадар вазирликка қарашли муассасалар ва ижодий жамоалар Малайзия, Япония, Италия, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларида ўтказилган халқаро фестиваль ва маданий тадбирларда фаол иштирок этди.

Халқаро алоқалар йўналишида бугунги кунда ТУРКСОЙ – Туркий халқлар маданияти ташкилоти, ЮНЕСКО, Татаристон ва Бошқирдистон Республикаси Маданият вазирликлари, шунингдек, Рашид Вагапов номидаги татар маданияти жамғармаси, Италиянинг «Самарқанд» ташкилоти, Жанубий Кореянинг НЙ эдукейнш компаниялари билан мунтазам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Жорий йилда болалар мусиқа мактаблари ва маданият марказларидаги тўгаракларга қатнашувчи ўқувчиларнинг ота-она тўловини онлайн «QR code» орқали амалга оширишда Cлиcк фирмаси билан шартнома тузилди ва янги ўқув йилидан тўлиқ ишга туширилди.

Бугунги кунда соҳага жами 609,5 минг АҚШ доллари миқдорида грант ва 2 млрд 50,7 млн сўм миқдорида инвестиция маблағлари киритилди.

Ўтган йили вазирлик ҳузурида ташкил этилган «ART KARAKALPAKSTAN» нодавлат нотижорат маданият ва санъатни ривожлантириш ташкилоти яқинда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамиятларини қўллаб-қувватлаш институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмалари танловида иштирок этиб, «Устахона – миллий мерос» лойиҳаси билан ғолиб бўлди ва лойиҳа 1 миллиард сўм миқдорида молиялаштирилди. Мазкур лойиҳа доирасида Нукус туманида Марказий Осиё халқларининг миллий мусиқа чолғуларидан – қўбиз, дутор, чангқўбиз, ғижжак ва бошқа мусиқа асбобларини ишлаб чиқарувчи устахона барпо этилади.

Шунингдек, хабарингиз бор, республикамизда бир неча йиллардан буён Тўлепберген Қайипбергенов номидаги маданият ва адабиётни ривожлантириш жамғармаси фаолият юритиб келмоқда. Яқинда вазирлик томонидан ушбу фонд билан ҳамкорликда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергеновнинг музейини ташкил этиш бўйича махсус лойиҳа тайёрланиб, лойиҳага Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги фонд томонидан 251 миллион 250 минг сўм ажратилди ва ҳозирда ушбу музейни ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди.

Юртимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган «Йош» эстрада лойиҳасида бугунги кунга қадар 400 нафардан зиёд ёшларимиз иштирок этган бўлса, шундан қирқ икки фаслда қатнашди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа келгуси йилдан бошлаб Ўзбекистон миқёсида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Корея Республикасининг «HY Education» компанияси билан ҳамкорликда Мега Фоундатион Cоурсе (МФC) дастури орқали Жанубий Кореянинг олий ўқув юртларида таълим олишни хоҳловчи талабаларни қўллаб-қувватлаш бўйича шартнома имзоланди. Бундан кўзланган асосий мақсад – қорақалпоғистонлик ёшларнинг халқаро даражада таълим олишига кўмаклашишдир.

Шунингдек, тадбир давомида Маданият вазири Б.Темирбаев ОАВ вакилларининг саволларига жавоб бериб, фикр ва таклифларини тинглади.

Тадбирдан сўнг иштирокчилар режиссёр Мухтор Реймов саҳналаштирган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Т.Қайипбергеновнинг «Қорақалпоқ қизи» спектаклини томоша қилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги