Камҳаракатлик – замонавий жамият учун жиддий хавф

99

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё аҳолиси орасида жисмоний фаоллик даражасининг пасайиши хавфли тенденцияга айланганини маълум қилди. Қайд этилишича, сўнгги ўн йил ичида катталар ўртасида жисмоний фаоллик 5 фоизга камайган. Бу ҳолат давом этса, 2030 йилга бориб камҳаракатлик даражаси 35 фоизга етиши мумкин.

Камҳаракатлик нафақат оғир касалликларнинг, жумладан инфаркт, инсульт, 2-тур қандли диабет, кўкрак ва йўғон ичак саратони каби хасталикларнинг ривожланиш хавфини оширади, балки инсоннинг ҳаёт сифати ва умрига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, офис ходимлари, ҳайдовчилар ва пенсионерларда камҳаракатлик кўпроқ учрайди ва бу уларнинг саломатлиги учун катта хавфдир.

Жисмоний фаоллик камлигининг яна бир жиддий оқибати суяк ва мушак тизимидаги муаммолар бўлиб, остеохондроз ва грижа каби касалликларни келтириб чиқаради.  Остеохондроз бўйин ва умуртқа поғонаси орасидаги дискларнинг ҳаракат ва қон айланишнинг сусайиши туфайли заифлашиши, оғриқлар ва ҳаракат чекланиши билан намоён бўлади. Грижа эса дискнинг ташқарига чиқиши ва асаблар сиқилишини келтириб чиқариб, оғриқлар ва ҳатто, ҳаракат қобилиятининг йўқолишига сабаб бўлади. Бу касалликлар нафақат даволашни, балки фаол турмуш тарзига ўтишни талаб қилади.

ЖССТ Европа минтақавий бюроси томонидан жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида ҳафтасига камида 150 дақиқа ўртача интенсивликдаги ёки 75 дақиқа кучли интенсив спорт машғулотлари билан шуғулланиш тавсия қилинди. Бу стандартларга амал қилиш орқали нафақат юрак-қон томир касалликлари ва саратон хавфи сезиларли даражада камаяди, балки соғлиқни сақлаш тизимига сарфланадиган харажатлар ҳам тежалади. Айнан шу тавсиялар асосида Европа ва Марказий Осиёда 2050 йилгача 11,5 миллион касаллик ҳолатининг олди олиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон ҳам бу муаммога жиддий эътибор қаратаётган давлатлардан. 2021 йилда жисмоний фаолликни тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ва мобил иловаси ишлаб чиқилди. Бу ерда аҳоли кундалик юриш ва машқларни кузатиб бориш имкониятига эга. Давлат бюджетидан ушбу дастурга катта маблағ ажратилди. Шунингдек, мамлакатда “Аҳоли саломатлиги – 2030” миллий стратегияси ва “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилган. Маҳаллаларда жисмоний фаоллик рейтинги яратилмоқда, спорт мусобақалари ва оммавий машқлар ташкил этилмоқда, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу чоралар ЖССТ тавсиялари билан уйғунликда юртимизда камҳаракатлик муаммосини камайтиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлардир.

Хулоса қилиб айтганда, камҳаракатлик нафақат шахсий соғлиққа, балки жамият саломатлиги ва иқтисодий барқарорликка ҳам жиддий таҳдиддир. Жисмоний фаоллик соғлом турмуш тарзининг муҳим қисми бўлиб, саломатликни мустаҳкамлашда асосий ўрин тутади. Шу сабабли ҳар куни пиёда юриш, югуриш, велосипед ҳайдаш, сузиш, тоза ҳавода сайр қилиш, ҳафтасига камида бир неча соат жисмоний меҳнат билан шуғулланиш тавсия қилинмоқда, балки ҳар бир инсон учун ҳаётий зарурат экани эслатиб ўтилмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА