Таълим – тараққиётнинг асосий омили

121

Муносибат

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида энг муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида таълим соҳаси белгилаб олинган. Чунки, мамлакат келажаги, унинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши, интеллектуал салоҳияти айнан таълимга боғлиқ. Бугунги кунда давлатимиз таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш, уни замонавий талаблар асосида қайта шакллантиришга катта эътибор қаратмоқда. Бу жараёнда ўқитувчи ва мураббийларнинг роли беқиёсдир. Улар – ёш авлодни ватанпарвар, билимдон, замонавий фикрлайдиган шахс қилиб тарбиялашда ҳал қилувчи куч ҳисобланади.

Ўқитувчи фақат дарс ўтадиган шахс эмас, балки у боланинг қалбига йўл топадиган, унда фидойилик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик каби фазилатларни шакллантирадиган мураббийдир. Шу жиҳатдан, Янги Ўзбекистонда уларнинг нуфузини ошириш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Бўстонлиқ туманига ташрифи давомида ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқоти  таълим ва тарбия соҳаси вакиллари ҳаётида ўзгача муҳим тарихий воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Тадбирга барча ҳудудлардан 40 мингдан ортиқ педагоглар қатнашди. Давлатимиз раҳбари мазкур йуналищдаги ислоҳотлар аҳамиятига тўхталиб, сўнгги саккиз йил ичида эришилган натижаларга эътибор қаратди. Ўтган саккиз йилда биз таълим ва тарбия соҳасида ҳам ўн йилга тенг ишларни амалга ошириб, улкан натижаларга эришганимизни айрим рақамлар орқали айтиб ўтди. Иқтисодиёт қанчалик мустаҳкам бўлса таълим ривожланади. Бу ҳаётий қонун, буни ҳеч ким инкор қила олмайди.  Давлатимиз етакчиси мулоқотда мактабгача таълим тизими фаолиятини янада ривожлантиришга доир муҳим масалалар, устувор вазифаларга тўхталиб, янги ташаббусларни баён қилди.

«Ислоҳотларимизнинг илк боскичида мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратдик. Очиқ айтиш керак бу масала узоқ йиллар давомида четда қолган эди. Мана битта рақам 2017 йилда 4 мингдан ортиқ маҳаллада бирорта ҳам боғча йуқ ва қамров бор йуғи 27 фоиздан ошмас эди. Бугунги кунга келиб боғчалар сони 38 мингдан ошди қамров эса 78 фоизга етди. Яқинда таълим соҳасида эълон қилинган янги имтиёз ва имкониятлар ҳисобига боғча кириб бормаган бирорта маҳалла қолмайди, қамров ҳам 80 фоиздан кам бўлмайди» дея таъкидлаб ўтган эди Президентимиз. Йиғилишда таълим сифатини тубдан яхшилаш, битирувчи ёшларнинг ўз қобилият ва иқтидорларини кенгроқ намоён этишларига хизмат қиладиган яна бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

-Мактаб истиқболнинг эшиги деганидек, сўнгги саккиз йилда 500 га яқин мактаблар қурилди. Ота-оналар учун танлаш ҳуқуқи берилди. Айтиб ўтилганидек, ҳар йили ўн минглаб мактаб ўқувчилари хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар олмоқда. Масалан 2016 йилгача жами 2 минг нафар мактаб ўқувчиси сертификат олган эди. Ўтган йили биргина хорижий тилларнинг ўзидан 150 минг ёшларимиз халқаро сертификатни қўлга киритди. Энди бундай сертификатлар мактабдаги якуний имтихонларда ҳам тан олинади.  Мана шундай ютуқларга эришган ёшларимизга қараб, устозларга, муаллимларингизга, профессор ўқитувчиларингизга минг рахмат демоқчиман. Чунки бу натижалар ортида жонкуяр устозларнинг билим ва тажрибаси, машаққатли меҳнати мужассам десам айни ҳақиқатни айтган бўламан, – деди Президент.

Касб-ҳунар таълими бугунги кунда кадрлар тайёрлаш тизимида асосий ўринни эгаллайди. Технологияларнинг жадал ривожланиши, рақамлаштириш ва жаҳон бозоридаги кескин рақобат шароитида айнан юқори сифатли касбий маҳорат, муваффақиятли иқтисодиёт ва жамиятнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Дунёнинг етакчи давлатлари нафақат билимга эга балки уни амалда қўллай оладиган, янги шароитларга тез мослаша оладиган ва ўз мамлакати учун қўшимча қиймат яратадиган мутахассисларни  тайёрлашга фаол сармоя киритмоқта.

Меҳнат унумдорлиги ошмоқда, малакали кадрлар танқислиги камаймокда. Корхоналар ва ҳудудларнинг инновацион салоҳияти юксалиб бораяпти. Талаб юқори касбларга эга инсонлар меҳнат бозорида ўз ўрнини тезроқ топади. Барқарор даромадга эга бўлади. Мамлакат эса глобал чақириқларга чидамли жадал ривожланаётган иқтисодиётга эга бўлади. Ўзбекистон учун касб-ҳунар таълимини жорий этиш ва ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга.  Бу нафақат ёшлар ўртасида янги кўникмаларни шакллантириш, балки, саноат талабларига жавоб берадиган инновацияларни илгари сурадиган ва иқтисодиётни янги босқичга кўтаришга қодир мутахассисларни тайёрлашнинг замонавий тизимини яратишдир. Касб-ҳунар таълимининг ривожланиши бизнес ва таълим тизими ихтиёжларини бирлаштиради. Назария ва амалиёт ўртасида тафовутни камайтиради.

Президентимиз томонидан билдирилган ҳар бир ташаббус, тақдим этилаётган имтиёз ва имкониятлар тадбирда жам бўлган барча устозлар ва ота-оналарни чин маънода ҳаёжонга солди. Фақат булар эмас, давлатимиз раҳбари техникумдаги муаллим ва усталарнинг малакасини жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлар тизими жорий қилинади. Шу орқали техникум устозларга миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоиз миқдорида устама тўланади. Эндиликда техникумларда ҳам олийгохлардаги каби илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йулга қўйилади.

Мазкур мулоқот чин маънода самимият ва ҳиссиётларга бой ўзига хос воқеага айланди. Мамлакат раҳбарининг эхтироми ва ғамхўрлиги ҳар бир сўзда, ҳар бир нигохда, мулоқот охангида сезилиб турди. Бу холат устозлар ва педагогларни ҳар бир дақиқани бутун қалби билан ҳис қилишга ундади. Учрашув муҳити ҳурмат ишончга тўла бўлиб фақат амалий натижалар эмас балки келажак авлод тарбияси йулида қўйилган ҳар бир саъй-ҳаракат, ҳар бир фикр ва ғоя қадрланишини ўзида акс эттирди. Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ва белгилаб берган вазифалар мамлакат таълим тизимида янги бир даврни бошлаб беради. Кенг кўламли ислоҳотлар, инновациялар ва ижодий янгиликлар учун имконият яратади. Бундай чора-тадбирлар ҳар бир инсон салоҳиятини тўлиқ руёбга чиқариш, замонавий ўқитиш методикаларини жорий этиш, илмий тадқиқот ишларини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги авлоднинг ҳар томонлама етук шахс сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароит яратиш имконини бермокда.

Мухтасар қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда таълим – давлат тараққиётининг асосий омили, ўқитувчи ва мураббийлар эса – жамиятнинг энг ҳурматли ва масъулиятли шахслари сифатида етук авлодни тарбиялашдек улуғ ва шарафли вазифани бажармоқдалар. Уларнинг хизматини эътироф этиш, қўллаб-қувватлаш ва доимий равишда рағбатлантириш – ҳар биримизнинг бурчимиздир.

  Гулжан ХАЛМУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги