«Silk Road Samarkand» мажмуаси истиқболли туризм маркази сифатида эътироф этилди

147

«Euronews» нашри Марказий Осиёнинг энг истиқболли лойиҳаларидан бири сифатида Самарқанд шаҳридаги «Silk Road Samarkand» сайёҳлик мажмуаси ҳақида мақола чоп этди. Унда “шаҳар ичида шаҳар” концепцияси ёритилиб, меҳмонларга маданий меросни яқиндан ҳис этиш, соғломлаштириш ва халқаро миқёсдаги тадбирларда иштирок этиш имкониятлари қайд этилди.

Материалда айни мажмуада яратилган “Боқий шаҳар” этно-боғига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ерда қадимий Буюк Ипак йўли шаҳарларининг муҳити, ҳунармандчилик устахоналари, анъанавий таомлари ва қайта тикланган афсоналари меҳмонлар учун намоён бўлади.

Шунингдек, «Euronews» мақоласида «Silk Road Samarkand»нинг йирик ишбилармонлик маркази сифатидаги аҳамияти таъкидланди. У ерда Европа тикланиш ва тараққиёт банки йиғилиши ҳамда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеяси каби нуфузли халқаро анжуманлар ўтказилгани қайд этилди.

«Silk Road Samarkand» сайёҳлик маркази бош директори Зафар Бўтаевнинг фикрига кўра,  маҳаллий ва хорижий экспертлар мажмуанинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг сайёҳлик салоҳиятини кучайтиришдаги аҳамиятини бир неча бор қайд этган.

– Президент ташаббуси билан барпо этилган бу мажмуа орқали биз хорижий меҳмонлар ва мамлакатимиз фуқаролари учун максимал даражада очиқлик ва жозибадорликка эришишга интилмоқдамиз, – дея таъкидлади у.

Нашр хулосасига кўра, мазкур мажмуа Ўзбекистонни халқаро майдонда энг истиқболли туризм йўналишларидан бири сифатида намоён этмоқда. «Silk Road Samarkand» кенгайишда давом этиб, қадимий Самарқанднинг бой тарихида янги саҳифа очмоқда.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА