Юртимизда ўткир респиратор инфекциялар бўйича эпидемиологик вазият қандай?

Куз-қиш мавсумида ўткир респиратор инфекциялар (ЎРИ)нинг дунё бўйлаб кўпайиши кузатилади. Айниқса, меҳнат миграцияси ва халқаро қатновлар орқали вирусларнинг тез тарқалиши инфекция хавфини оширади. Ҳозирда Россия ва қўшни давлатларда грипп ва ЎРИ ҳолатлари кескин ортиб бораётгани Ўзбекистон учун ҳам хавфли омиллардан бири ҳисобланади. Тегишли ташкилотлар томонидан эпидемиологик назорат кучайтирилган бўлса-да, аҳолидан ҳам ҳушёрлик талаб қилинади.
ЎРИ ва грипп ҳолатлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда. Қўмита матбуот хизмати тақдим этган маълумотларда ҳозирда касалланиш даражаси кўп йиллик эпидемик кўрсаткичлардан 36,5 фоиз паст эканлиги қайд этилган. Бу эпидемия хавфи ҳозирча йўқлигини англатади.
Шу билан бирга, мамлакат бўйлаб 15 та вирусология лабораториясида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Санэпидқўмита грипп ва гриппга ўхшаш касалликларни аниқлаш, уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни фаол амалга оширмоқда.
Йил бошидан бери кузатилаётган кўрсаткичларга кўра, ЎРИ энг кўп 0-1 ёшдаги болалар орасида қайд этилмоқда. Бунга уларнинг ҳали шаклланмаган иммунитети ва ташқи муҳитга нисбатан таъсирчанлиги сабабдир. Бу ҳолат ота-оналарни болалар саломатлигига жиддий эътибор қаратишга ундайди.
Ўткир респиратор инфекциялар грипп, парагрипп, аденовирус, коронавирус ва бошқа нафас йўллари орқали юқувчи вирусли инфекциялар гуруҳи бўлиб, улар тез юқади ва ҳар хил ёшдаги инсонларда турлича кечади. Бурун оқиши, йўтал, томоқ оғриғи, иситма, бош оғриғи, ҳолсизлик кузатилади. Болалар, кексалар ва сурункали касалликка чалинганлар учун асоратли ўтиши мумкин. Пневмония, бронхит, отит каби оғир асоратларга олиб келиши эҳтимоли бор.
Дунёда ҳар йили кўплаб инсонлар грипп ва унга ўхшаш инфекциялардан вафот этади. Шунинг учун мутахассислар қўлларни тез-тез совун билан ювиш, эпидемик мавсумда жамоат жойларида ниқоб тақиш, иммунитетни мустаҳкамлаш (тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш), гриппга қарши вакцина олиш, беморлар билан яқин алоқада бўлмаслик ҳамда аломатлар кузатилса, ўзбошимчалик билан даволанмасдан шифокорга мурожаат қилишни тавсия қилади.
Санэпидқўмита юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини маълум қилиш баробарида ҳар бир фуқаро ўзини ва яқинларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларга амал қилиши лозимлигини таъкидламоқда. Негаки, Россия ва қўшни мамлакатларда юқумли касалликлар кескин кўпаяётгани туфайли вирусларнинг юртимизга кириб келиши хавфи бор.
Моҳигул Қосимова, ЎзА