Информатика фани ўқитувчилари учун семинар

Нукус шаҳридаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва рақамлаштириш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими билан ҳамкорликда республика амалий семинари ташкил этилди.
Тадбирнинг очилишида Таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва рақамлаштириш тизими мутасаддилари, республикамизнинг информатика фани ўқитувчилари иштирок этди.
Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Бу эса ўқитувчилардан ўз билим ва тажрибаларини узлуксиз ошириб боришни тақозо этмоқда.
– Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг рақамлаштириш соҳасини ривожлантириш бўйича топшириқларига кўра, умумий ўрта таълим мактабларининг 5-6-7-синф ўқувчиларининг ахборот технологияларига бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг ахборот компетенцияларини шакллантириш, дастурлаш асосларини ўргатиш, ёшларни замонавий IT йўналишларига кенг жалб этиш мақсадида «Информатика ва ахборот технологиялари» фанидан қўшимча тўгарак дарсларини ташкил этиш кўзда тутилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари А.Давлетбаев.
– Ўқувчиларнинг телефон билан ишлашида биринчи навбатда уларнинг тарбиясини тўғри йўлга қўйиб, кейин смартфонлардан фойдаланишга рухсат бериш керак. Бу орқали ўқувчиларнинг телефон имкониятларидан кўпроқ фойдаланиши учун шароит яратилади. Албатта, бунда боланинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиш лозим, – дейди информатика фани ўқитувчиси Г.Аманиязова. – Бугунги семинарда кўзда тутилган қўшимча тўгаракларнинг ташкил этилиши натижасида ўқувчиларнинг илғор технологиялар билан боғлиқ билимлари мунтазам ошириб борилади.



Семинар давомида IT йўналишидаги тўгараклар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, тўгарак журналини электрон шаклда юритиш ва ўқувчилар ҳақидаги маълумотларни «kkbilimlendiriw.uz» платформасига киритиб бориш масалалари, ўқитувчиларнинг илғор тажрибалари, методик ёндашувлари ва инновацион ечимлари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги