Ўзбек антологияси Қатар миллий кутубхонаси нодир фондидан жой олди

94

Яқинда Қатар Давлати миллий кутубхонаси нодир фонди “Ўзбекистон қизларининг овози: маданиятлар ўртасида кўприк ва дунё учун илҳом” номли халқаро антологияси билан бойиди.

Диёримиздаги иқтидорли ёш қизларнинг шеър, ҳикоя, мақола ва эсселаридан иборат мазкур тўплам ёшларимизнинг орзу-умиди, илмга интилиши ва жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини ифодалайди.

Антологияни Қатар миллий кутубхонасига Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси, “Shine” қизлар академияси раҳбари Шоҳида Юсупова бошчилигидаги ўзбекистонлик талабалар делегацияси тантанали тарзда топширди.

Дўстлик, ҳамкорлик руҳида ўтган тадбирда мамлакатимизнинг Доҳадаги элчихонаси вакиллари, кутубхона раҳбарияти ва делегациямиз аъзолари иштирок этди.

Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги адабий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ёшлар ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва ўғил-қизларимиз иқтидорини халқаро миқёсда тарғиб этиш масалалари кўтарилди.

– Бу тўплам орқали нафақат ўзбек қизлари овози, балки Ватанимизнинг бой маданияти ва тарихини ҳам жаҳон саҳнасига олиб чиқишни мақсад қилдик, –деди Ш.Юсупова ЎзА мухбирига.

Мазкур ташаббус ёшларимиз ижодини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги маданий ҳамкорлик ҳамда дипломатия алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ў.Алимов, ЎзА