Таълим ва тарбиянинг уйғунлиги

Муносибат
“Халқимизнинг келажаги мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизга таълим ва тарбия беришнинг энг узоқ давом этадиган, керак бўлса, ҳал қилувчи босқичи бу – мактаб таълимидир”. Президентимиз таъкидлаганидек, таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бугун давр талабига айланган.
Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан мулоқоти чоғида педагоглар учун янги имтиёзларни жорий қилгани ўқитувчи педагогларга куч бағишлади. Жумладан,келгуси ўқув йилидан давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт пулига 30 фоиз чегирма берилиши, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилиши, ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши сингари яна бир қатор имтиёзлар қалб меъморлари бўлган ўқитувчилар учун катта имкониятдир.
Давлатимиз раҳбари кечаги учрашувда, “Икки Ренессанс давомида башариятга муаллимлик қилган халқимиз орасида устозларни эъзозлаш ва уларга эҳтиром кўрсатиш энг гўзал ва қадимий анъаналаримиздан бирига айланган. Бугун Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш деган бағоят улуғ ва шарафли ишни бошлаган эканмиз, энг аввало, сиз – азиз устозлар ҳамда истеъдодли шогирдларингизга таянамиз”,-деган эди.
Қолаверса, нафақат ўқитувчилар,балки боғча тарбиячилари учун муҳим янгиликлар кузатилаётгани айни ҳақиқат.
Ҳозирда 7 мингдан ортиқ давлат боғчаларида 120 мингга яқин педагоглар бўлгани билан, уларнинг атиги 34 фоизи олий маълумотга эга. Лекин, ҳозирда тарбиячиларнинг мактаб ўқитувчилари каби тоифа олиши учун олийгоҳ дипломи талаб этилади. Шу сабабли, олий маълумотли билан ўрта маълумотли тарбиячининг ойлигида фарқ бор.
Шу боис, давлат ва хусусий боғча тарбиячиларини ишдан ажралмаган ҳолда олийгоҳларда ўқитиш йўлга қўйилиб, йилига 10 минг тарбиячи олий маълумотли қилиниши кадрлар масаласига ечим бўла олади.
Яна бир янгилик. Худди Президент мактаблари каби ҳар бир вилоятда “Янги авлод” боғчалари ташкил қилиниб, уларда тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганади. Энг муҳими, янги методикаларни ўрганиш учун бу масканларнинг эшиги хусусий боғча тарбиячиларига ҳам доимо очиқ бўлади. Демак,жойларда “Янги авлод” боғчалари фаолият юритишига замин яратилиб сифат ортади. Жорий қилинаётган имтиёз ва янгиликларнинг барчаси кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг муносиб тарзда тарбия топиб,билим олишларига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Завра Абдуллаева,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги