Болалар интернетдан нима мақсадда фойдаланяпти?

Болаларнинг вақтини унумли ўтказиши учун шароит яратиш ва бўш вақтида фойдали машғулотга йўналтириш жуда муҳим аҳамият касб этади. Мобил қурилмалар ва интернет оммалашуви эса ушбу машғулотларни “онлайн”га алмаштириб қўяётгандек. Аҳолининг бу мавзуда фикрларини ўрганиш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати томонидан ўтказилган сўровнома натижалари болалар ва интернет ўртасидаги мураккаб муносабатларга ёрқин мисол бўла олади. 1 минг 935 нафар ота-онанинг фикрига асосланган таҳлил нафақат статистик рақамлар, балки рақамли муҳитда улғаяётган авлод руҳиятининг реал ҳолатини кўрсатиб бермоқда.
Сўровнома натижаларига кўра, 64 фоиз бола интернетдан таълим олиш мақсадида фойдаланар экан. Бу рақамлар ижобий ҳолат сифатида баҳоланиши мумкин. Демак, интернет тўғри йўналтирилса, бола ривожи учун катта имкониятларни очади. Бироқ, шу билан бирга 7 фоиз бола кунига 6 соатдан ортиқ вақтини телефонда ўтказаётгани хавотирли ҳолатдир.

Яна бир диққатга сазовор жиҳат, 10 фоиз ота-она фарзандининг интернетдаги фаолиятини деярли ёки умуман назорат қилмаслигини тан олган. Бу дегани, ҳар ўнинчи бола рақамли дунёда эркин, лекин хавфли маконда ёлғиз қолмоқда. Замонавий ота-оналарнинг муҳим вазифаларидан бири болаларнинг интернетдаги фаолиятини нафақат чеклаш, балки йўналтириш ҳам бўлиши керак.
Ота-оналар интернет сабабли болаларда кузатилаётган асосий муаммоларни қуйидагича белгилаган:
35% – Вақтни бекор сарфлаш
30% – Соғлиқ ва уйқу бузилиши
21% – Асабийлик ва тез жаҳл қилиш
8% – Диққатни жамлай олмаслик
Бу белгилар рақамли технологиялар боланинг психологик барқарорлиги, диққат-маркази, ҳатто шахсий одатларига ҳам таъсир кўрсатаётганини англатади. Айниқса, соғлиқ ва руҳий ҳолатдаги ўзгаришлар боланинг умумий ривожланишига жиддий салбий таъсир қилиши мумкин.
Сўровнома натижалари рақамли дунёда улғаяётган болаларнинг эҳтиёжлари ва муаммолари эндиликда бефарқ қараладиган масала эмаслигини кўрсатди. Бу жамиятда жиддий эътибор талаб қиладиган долзарб масалага айланмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА