Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда
Бугунги кунда молия бозорида янги молиявий маҳсулот ва хизматларни жорий қилиш орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратиш долзарб вазифа ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Маълумки, исломий молияда пулни маълум бир муддатга қўшимча ҳақ тўлаш эвазига қарзга бериш, ислом динида рухсат этилмаган фаолиятларни молиялаштириш, шартномаларда ҳаддан зиёд ноаниқликларга йўл қўйиш кабилар тақиқланган. Шунинг учун ўз фаолиятида исломий молия стантартларига мувофиқликни таъминлш мақсадида исломий банкларда зарур билим ва мутахассисликлардан ташкил топган Исломий молия кенгаши, исломий молия бўлими ва исломий молия аудити фаолиятини йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, исломий молияда савдо ва шерикчилик молиялаштиришнинг асосий устуни ҳисобланади.
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда 8 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, қонунчиликка исломий банк фаолияти, исломий молия операциялари ва стандартлари ҳамда инвестициявий депозит тушунчалари киритилмоқда. Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий қилиниб, уни олиш бўйича талаблар белгиланмоқда.
Банклар томонидан амалга ошириладиган исломий молия операцияларининг асосий жиҳатлари белгиланмоқда. Исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга бевосита савдо фаолиятини амалга ошириш ва юридик шахсларни ташкил этиш, уларнинг устав фондларидаги улушларини, акцияларини чекловсиз олишга рухсат берилмоқда. Марказий банк ва банкларда Исломий молия кенгаши ташкил этилиши ҳамда уларнинг вазифалари белгиланмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни жорий қилиш назарда тутилиб, мазкур лицензияни олиш бўйича аниқ талаблар ҳам белгиланмоқда. Шу билан бирга, исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга банклар томонидан амалга ошириладиган молия операциялари белгилаб бериляпти.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси анъанавий молиявий хизматларга муқобил молиявий хизматларни жорий қилиш, исломий молияни йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Фикр-мулоҳаза ва таклифлардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА