Ишнинг кўзини билган Сайловбой

Чимбой тумани Қамисариқ қишлоқ фуқаролар йиғинининг «Тонмўйин» қишлоғида туғилиб, вояга етган Сайловбой Сапарниязов кичкиналигидан деҳқончиликка аралашиб ўсди. Болалигидан хушмуомила ва камтар бўлиб ўсган у мактабни битиргач, «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган шоликар» Жиенбай Пайзуллаев бригадасида уч йил сувчи, сўнгра республикамизга таниқли уламо ва қишлоқ хўжалиги ходими Абубакир Абдиразақовнинг «Баҳор» фермер хўжалигида 15 йил иш бошқарувчи бўлиб бой тажриба тўплаган у 2016 йили ўз номига фермер хўжалигини очишга эришди.
«Меҳнат қилсанг унарсан» деганидек мана шу ўтган йиллар ичида Сайловбой бошқарган «Сайловбой Тўрениязович» фермер хўжалиги ўзларининг ҳалол пешона терининг шарофати билан, ҳар йили давлатга пахта ва буғдой топшириш шартномаларини ортиғи билан бажариб келмоқда.
-Бу йил баҳорда 16 гектар ерга «С-4727» навли чигит экиб, унга белгиланган талабларга мос парвариш ишларини олиб бордик, – дейди Сайловбой – Шу қилган меҳнатларимизнинг натижасида, далаларимизда кўнгилдагидек мўл ҳосил тўпланди. Айни кунларда пахта йиғим-терими ишларини бошлаб юбордик ва эл хирмонига 23 тоннадан зиёд маҳсулот топширишга муваффақ бўлдик. Насиб этса, теримчиларимиз шу суръатни ёздирмаса икки-уч кун ичида белгиланган режани ортиғи билан бажарамиз.
Ҳақиқатда ҳам, ишнинг кўзини билиб иш қилганга нима етсин. Айрим фермерлар билан гаплашсанг, ёғ ва ўғит қиммат, вақтида сув етишмайди, деб нолийди. Сайловбойга ўхшаган фермерлар эса, барчасининг ҳисобини топиб, ҳеч қандай муассасага қарзсиз самарали фаолият юритиб келмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, кластер ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда, – дейди ўз сўзини давом эттириб Сайловбой. – Айниқса, келгуси йилдан бошлаб фермерларимизнинг қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши, шундай эзгу ишларнинг давоми, десак бўлади. Бунинг учун ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёевга катта раҳмат айтамиз.
Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Чимбой туманида ҳам пахта йиғим-терими ишлари қизғин бошланиб кетди. Фермер хўжаликлари томонидан бир килограмм пахта учун 2000 сўмдан пул тўланиши қишлоқ аҳолисининг меҳнатга бўлган қизиқишини ошириб, жойларда иш унумдорлигининг ортишига асос бўлмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси