Қайси ҳудудда деҳқон хўжаликлари сони кўп?

126

Маълумки, аҳоли ўртасида озиқ-овқат танқислигининг олдини олиш ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аграр соҳада аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг даромадларини оширишда деҳқон хўжаликларининг ўз ўрни бор.

Деҳқон хўжалиги асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ташкил этилади. Бу соҳани давлат рўйхатига олиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Деҳқон хўжалиги бошлиғига Ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари сони 414 341 тани ташкил этган.

Бугунги кунда юртимизда Андижон вилояти (67 минг 197 та) энг кўп деҳқон хўжаликлари ташкил этилган ҳудуд ҳисобланади. Кейинги ўринларда Самарқанд  (50 608 та), Фарғона (40 701 та), Наманган (39 535 та), Хоразм (39 388 та), Қашқадарё  (34 744 та), Бухоро (31 893 та), Сурхондарё (27 639 та), Тошкент (24 757 та), Жиззах (21 225 та) вилоятлари туради.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 14 785 та, Сирдарёда 11 954 та, Навоий вилоятида 9 887 та ҳамда Тошкент шаҳрида 28 та деҳқон хўжаликлари мавжуд.

Гулноза Бобоева, ЎзА