Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилади

126

16 сентябрь – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни. Шу муносабат билан Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан семинар ташкил этилди.

1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилиниши билан озон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг аниқ механизми яратилгани қайд этилди.

Мазкур Конвенция доирасида илмий тадқиқотларни ўтказишда халқаро ҳамкорлик, озон қатламини тизимли мониторинг қилиш, озонни емирувчи моддалар – хлорфторуглеродли бирикмаларнинг ишлаб чиқарилиши мониторинги ва ахборот алмашинуви кўзланган.

Семинарда мутахассислар томонидан озон қатламининг емирилиши инсониятда тери куйиши, пигментация бузилиши ва тери саратони (меланома) хавфини оширишини таъкидлади. Ультрабинафша нурларининг ортиши натижасида катаракта (кўз гавҳарининг хиралашиши), тўр парда шикастланиши ва бошқа кўз касалликлари келиб чиқиши, шунингдек, инсон иммун тизими заифлашиши мумкин.

 

Ўзбекистон 1993 йилдан буён Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи иштирокчиси ҳисобланади.

Тадбирда Ўзбекистон Монреаль протоколига киритилган бешта тузатишдан тўрттасига қўшилгани ва ушбу халқаро шартномалар асосида озон қатламини емирувчи моддалар истеъмоли талабларини тўлиқ бажариб келаётгани қайд этилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Монреаль баённомаси Кигали тузатмасига қўшилишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилаётгани келтириб ўтилди.

Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль баённомаси талабларини таъминлаш юзасидан олиб борилган ишлар ҳолати, шунингдек, мазкур баённома талабларини амалга ошириш механизми ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, доимий комиссия раислари, қўмита экспертлар кенгаши аъзолари, тегишли идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган семинарда мавзу юзасидан таклифлар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА