Ўзбекистон делегацияси Венада ХАЭАнинг 69-бош конференциясида иштирок этмоқда

98

Ўзбекистон ядро энергетикаси ва хавфсизлигини ривожлантириш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда стратегик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига катта аҳамият қаратиб келмоқда. Бу йўналишда мамлакатимиз Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан яқин ҳамкорлик қилиб, миллий манфаатлар ва глобал барқарорлик учун муҳим қадамлар ташламоқда.

Шу кунларда Вена шаҳрида ўтказилаётган ХАЭАнинг 69-бош конференциясида Ўзбекистон делегациясининг иштирок этиши ҳам ана шу мақсадларга қаратилган.

Ушбу конференция аъзо давлатлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилайдиган, ядро энергетикаси, илм-фан, технология ва хавфсизлик соҳасида муҳим қарорлар қабул қилинадиган асосий халқаро майдон ҳисобланади.

Анжуманда 170 дан ортиқ аъзо давлат вакиллари қатнашмоқда. Улар агентлик фаолиятининг асосий масалаларини муҳокама қилмоқда. Жумладан, 2024 йил якунлари бўйича ҳисобот, 2026 йилга мўлжалланган бюджет, ядро фани ва технологиясини ривожлантириш истиқболлари ҳамда глобал ядро хавфсизлиги масалалари кун тартибига киритилган.

Шунингдек, конференция доирасида Ўзбекистон делегациясининг ХАЭА раҳбарлари билан бир қатор учрашувлари режалаштирилган. Хусусан, ХАЭА бош директори ўринбосари Лю Хуа билан мамлакатимизда амалга оширилаётган миллий лойиҳалар ҳолати, мавжуд муаммоли масалалар ва уларни ҳал қилиш йўллари бўйича музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари юзасидан ҳам қатор учрашувлар белгиланган.

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ахборот хизматига кўра, Ўзбекистоннинг мазкур нуфузли халқаро анжуманда иштироки мамлакатимиз ядро соҳасидаги стратегияси, илмий-техникавий салоҳияти ва хавфсизликка қаратилган қатъий позициясини намоён этади. Бу эса келгусида ҳам миллий манфаатлар, ҳам жаҳон миқёсида барқарор ва хавфсиз ривожланишга хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА