Шаффоф муҳитни таъминлаш – коррупцияга қарши курашнинг асосий йўли
Тоғ-кон саноати ва геология соҳаси мамлакат иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди. Шу билан бирга, соҳада очиқ ва шаффоф муҳитни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва ходимларда қонунбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш долзарб аҳамиятга эга.
Ана шу талаблар асосида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари ва маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Бугун вазирликда ташкил этилган тадбирда коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари хусусида сўз борди.
Тадбирда вазирликнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи Ш.Сағдуллаев маъруза қилиб, тарғибот ва маърифий ишлар орқали соҳада тоза ва шаффоф муҳит яратиш мумкинлигини таъкидлади.
– Коррупциянинг олдини олишда энг муҳим йўналиш – ходимларда қонунга риоя этиш маданиятини шакллантиришдир. Тизимли тарғибот ишлари ва маънавий-маърифий тарбия натижасида биз соҳада адолатли муҳитни таъминлай оламиз. Шу маънода, ҳар бир амалга оширилаётган тадбир коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамият касб этади, – дея хулоса қилди у.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш фақат жазо чоралари билан эмас, балки кенг қамровли маърифий ишларнинг изчиллиги яхши самара бериши алоҳида таъкидланди. Шу боис, бундай учрашувлар ходимларда ҳуқуқий саводхонлик ва масъулиятни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА