ДОТС лойиҳаси муваффақиятли якунланди

165

1998 йилда Қорақалпоғистонда сил касаллигининг юқори даражада тарқалганлиги сабабли, Нукусда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ДОТС (бевосита назорат остидаги қисқа муддатли даволаш) стратегияси асосида силга қарши курашиш лойиҳаси бошланган.

Лойиҳа кейинчалик шахсга йўналтирилган бўлиб, кенг қамровли ёндашувга айланди ва дорига сезгир ва барқарор сил турларини қамраб олди. Дастур республикамизда яшовчи минглаб беморлар ва уларнинг оила аъзолари учун даволаниш имкониятларини яратиб, уларга ҳаётга бўлган умид бағишлади.

15 сентябрь куни – «Чегара билмас шифокорлар» Халқаро гуманитар ташкилоти (MSF), Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда қарийб 30 йил давом этган Қорақалпоғистондаги силга қарши кураш дастури муваффақиятли якунланиб, шу муносабат билан пойтахтимизда тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Маросимда MSF ходимлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ва соҳадаги бошқа мутахассислар иштирок этди.

– Амалга оширилган ишлар натижасида биз туберкулёзга эрта ташхис қўйиш ва уни ўз вақтида даволаш беморнинг аҳволини анча яхшилашини ва касаллик юқиш хавфини камайтиришини кўрсатдик, – дейди «Чегарасиз шифокорлар» ташкилотининг Тиббиёт ва бошқарув бўлими бошлиғи Норман Ситали. «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти лойиҳадаги фаолиятини якунлаётган бир пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббусни тўлиқ ўз зиммасига олиб, Ўзбекистонда силга қарши курашни мустақил давом эттиради.

Ушбу тадбир Қорақалпоғистонда сил касаллигини аниқлаш, даволаш ва парваришлашни такомиллаштириш бўйича олиб борилган қарийб 30 йиллик самарали ҳамкорликнинг тантанали якунланишини англатди.

– Сил касаллигини аниқлаш, даволаш ва беморларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ушбу лойиҳа ҳудудда касаллик юкламасини сезиларли даражада камайтиришда муҳим ўрин тутади. У инновацион ёндашувларни жорий этиб, якка тартибда даволаш усулларини муваффақиятли қўллади ва силга қарши курашда бой тажриба тўплади, – деди тадбирда сўзга чиққан Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Ирина Ливерко.-Дастурнинг муҳим йўналишларидан бири – тиббиёт мутахассислари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларининг салоҳиятини ошириш эди. Кўп йиллик ўқитиш, йўналтириш ва техник ёрдам натижасида вазирлик энди Қорақалпоғистонда силга қарши курашни мустақил амалга ошириш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, амалга оширилган лойиҳа доирасида беморларнинг психологик ҳолатини яхшилашга йўналтирилган психологик маслаҳат ва даволаш тартибига риоя қилишни қўллаб-қувватлаш хизматлари ҳам ташкил этилди.

-Мен Олти ойдан бери сил касаллигига қарши даволаняпман ва ўзимни анча яхши ҳис қиляпман: кўчага чиқиб, ҳаётдан завқ ола бошладим,» – дейди 29 ёшли Зуҳра. – Менинг соғайишимга волонтёрлар ва консультантлар катта ёрдам берди. Улар, айниқса, психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлашди. Аввалига мен келажак ҳақида ҳатто ўйламас, умрим тугаган каби туюларди. Лекин, тиббиёт ходимларининг эътибори, ғамхўрлиги ва доимий равишда хабар олиб туришлари туфайли, мен яна келажакка ишонч билан қарай бошладим. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман, дориларимни қабул қилишни давом эттириб, келажакка янги умидлар билан қараяпман.

Шуни айтиб ўтишимиз керакки, лойиҳанинг энг катта ютуқларидан бири – Нукусда Марказий Осиёдаги энг замонавий микобактериологик лабораториянинг ташкил этилиши бўлди. Ушбу лаборатория Қорақалпоғистонда сил ва кўп дорига чидамли сил (КДТ-ТБ) касаллигини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, юқори сифатли ташхис хизматларини кўрсатмоқда.

Илгари дорига турғун сил билан оғриган беморлар 18-24 ой давом этадиган оғир ва ножўя таъсирлари кўп даволаш курсларини қабул қилишга мажбур эди. Ушбу масалани ҳал қилиш мақсадида, «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти 2016 йилда TB-PRACTECAL клиник тадқиқот дастурини бошлади ва Нукус шаҳри ушбу тадқиқот ўтказилган асосий жойлардан бирига айланди. Бунда фақат оғиз орқали қабул қилинадиган, олти ойлик янги даволаш схемаси устида тадқиқот ўтказилди ва у илғор халқаро стандартга нисбатан самаралироқ ва енгилроқ эканлиги исботланди.

Ушбу тадқиқот натижалари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2022 йилдаги янгича даволаш тавсияларига асос бўлиб хизмат қилди ва ушбу қисқартирилган схема ортиқча деб топилди. Ушбу ютуқ асосида «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги амалий тадқиқотлар ўтказиб, қисқартирилган схеманинг Ўзбекистон бўйлаб кенг жорий этилишига замин яратди.

Нукусда ўз ишини якунлаган «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти бу дастурни тўлиқ миллий тизимга топширмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса силга қарши курашни давом эттириш ва уни янада мустаҳкамлашга қатъий бел боғлаганини тасдиқламоқда. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик Ўзбекистонда силга қарши самарали, инсонпарвар ва замонавий ёндашувни таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, Médecins Sans Frontières (MSF) 1998 йилдан буён Ўзбекистон Республикасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида MSF ОИВ, гепатит С ва сил каби юқумли касалликларга қарши миллий курашни кучайтиришда муҳим роль ўйнади. Инновацион даволаш протоколлари ва инсон манфаатларига йўналтирилган хизмат кўрсатиш моделлари орқали МСФ мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш натижаларини сезиларли даражада яхшилашга ҳисса қўшди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси