Хусусий шифохоналарга талаб ошмоқда

124

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторнинг роли сўнгги йилларда жиддий кучаймоқда. Айниқса, хусусий шифохоналар сонининг ортиши мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ва фуқароларнинг тиббий хизматларга бўлган талаби ўсаётганини кўрсатмоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда хусусий шифохоналар сони 1 минг 301 тага етди, бу 2019 йилдаги 575 тага нисбатан икки баробар кўп. Йиллар кесимида хусусий шифохоналар сони: 2019 йил – 575 та, 2020 йил – 593 та, 2021 йил – 637 та, 2022 йил – 675 та, 2023 йил – 724 та, 2024 йил – 1 минг 301 та қайд этилган.

Сўнгги йилларда Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Хусусий шифохоналар очиш бўйича тартиблар соддалаштирилди, лицензиялаш жараёнлари енгиллаштирилди. Аҳоли сонининг ўсиши ва даромад даражасининг ошиши билан бирга, сифатли тиббий хизматларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Давлат шифохоналари бу эҳтиёжни тўлиқ қоплай олмаган ҳолларда, хусусий клиникалар муҳим роль ўйнай бошлади. Қолаверса, хусусий тиббиёт ҳозирда бизнес учун ҳам фойдали соҳалардан бирига айланган. Сифатли хизмат, замонавий ускуналар ва малакали мутахассислар ёрдамида хусусий шифохоналар мижозларни тезда жалб эта олмоқда.

2019-2025 йиллар давомида Ўзбекистонда хусусий шифохоналар сони сезиларли даражада ўсиш кузатиляпти. Айниқса, 2024 йилда юз берган қарийб икки баробар ўсиш бу соҳада янги босқич бошланганини кўрсатади. Ушбу йўналиш давлат сиёсати, аҳолининг эҳтиёжлари ва пандемия таъсири натижасида юзага келди.

Келгусида хусусий сектор ва давлат тиббиёт муассасалари ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, сифат назоратини кучайтириш ва инновацияларни жорий қилиш орқали соғлиқни сақлаш тизимининг умумий салоҳиятини янада ошириш мумкин.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА