UzA ва Yonhap ҳамкорлик меморандумини имзолади

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Жанубий Кореянинг етакчи ахборот агентлиги – «Yonhap» материал алмашиш, касбий алоқани ривожлантириш ва қўшма медиа лойиҳалар амалга оширишни назарда тутувчи Ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Ҳужжат Ўзбекистоннинг Шарқий Осиёдаги мавқеини кенгайтириш, жумладан Корея Республикаси жамоатчилигини мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти билан янада яқиндан таништиришда асл манбалардан фойдаланишига қаратилган. Шериклик жараёни матн, фото ва видео маҳсулот, шунингдек турли мавзулардаги таҳлилий мақолалар ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида тажриба алмашишни қамраб олади.
Маълумот учун: «Yonhap News Agency» 1980 йил бир неча агентлик бирлашиши натижасида ташкил топган. 2003 йил янгиликлар ва коммуникацияларни тарғиб қилиш тўғрисидаги махсус қонун асосида ваколатли миллий агентлик сифатида тан олинган.
Таҳририят тармоғи 550-600 нафарга яқин журналист ва фото мухбир, 60 дан зиёд хорижий мухбирдан иборат. Агентлик кунига 3 000 дан кўп матн, фото, графика ва видео шаклидаги материал тарқатади.
90 га яқин хорижий ҳамкор билан ишлайди. Корейс, инглиз, хитой, япон, испан, араб ва француз тилларида фаолият олиб боради.
А.Хидиров, ЎзА