Келажак замонавий билимларни эгаллаган баркамол авлодники бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюрди ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳига давлат мукофотларини тантанали топширди ҳамда таълим сифатини ошириш, ўқитувчи ва мураббийларни янада қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Дастлаб давлатимиз раҳбари тумандаги “Ренессанс” болалар соғломлаштириш оромгоҳида яратилган шароитлар билан танишди.

Мамлакатимизда таълим ва ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунинг учун кўплаб ўқув муассасалари қурилиб, замонавий жиҳозланмоқда. Ёшларга умумий таълим билан бирга иқтидорига қараб ихтисослаштирилган билимлар ҳам берилмоқда. Жумладан, 14 та Президент мактаби, 201 та ихтисослашган, 2 та спорт ва 9 та ижод мактаби ташкил этилди. Улардаги ўқитиш ва баҳолаш тизими 1 минг 500 та мактабда ҳам жорий этилди.
Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида билимли ўқувчиларни саралаб, халқаро даражада тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили Фан олимпиадалари маркази, бу йил халқаро мактаб ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига мувофиқ, ёшларимизни Американинг “Печак лигаси” (The Ivy League) университетларига тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. Бунинг учун миллий дастур қабул қилинди. Жорий йил дастлаб 1,5 минг нафар ўқувчи саралаб олинди. Уларга Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи бириктирилди.
Мазкур “Ренессанс” оромгоҳи ушбу тизимнинг бир қисми бўлди. Бу ерда ёшлар йил давомида 3 ҳафталик интенсив ўқув курсларда ўқитилади. Яхши натижа кўрсатган 40 нафари “Печак лигаси” университетларига тажриба алмашиш учун юборилади.

Оромгоҳ 500 га яқин ўқувчини қабул қилиш қувватига эга. Маъмурият, ўқув бинолари ва ётоқхонада замонавий шароитлар яратилган. Меҳмонхона, ошхона ҳамда автотураргоҳлар ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик саналади.
Ёзда ўтказилган семинарларда фан олимпиадалари ғолиблари, хорижий тил сертификатига эга ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари иштирок этди. Бу тенг имкониятлардан фойдаланган ўғил-қизлар билимини ошириб, келажагига мустаҳкам замин яратди.
Сир эмас, илгари оромгоҳларга дам олиш ва кўнгилочар маскан сифатида қаралган. Энди бундай қараш мутлақо ўзгарди. “Ренессанс” ўқувчиларнинг таълим, маънавият ва инновация майдонига айланди.
Президентимиз оромгоҳ хоналаридаги шароитларни, ёшларнинг ихтироларини кўздан кечирди.
STEAM хоналари, самолёт бошқаруви симулятори, табиий фанлар лабораториялари болаларнинг қизиқишларини амалий кўникмаларга айлантиради. Улар кутубхонада билимини, спорт майдончаларида саломатлигини мустаҳкамлайди. Санъат бурчагида санъат, адабиёт йўналишидаги машғулотлар қўллаб-қувватланади. Хушманзара табиат, дўстона муҳит ёшларнинг кайфияти, интилишини оширади.
Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон университети раҳбарияти ва битирувчилари билан ҳам мулоқот қилди.
– Ўзбекистон ёшларининг салоҳияти, ғайрат-шижоати, интилиши кучли. Биз давлат бўлиб, миллат бўлиб, сифатли таълимни таъминласак, фарзандларимизга ҳеч ким бас келолмайди, улар ҳамма соҳада етакчи бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Танишув давомида Ал-Хоразмий университети кампуси лойиҳаси тақдимот қилинди. Бу ташаббус замирида ҳам ёшларнинг билимли бўлиши, иқтидори ривожланиши учун шароит яратиш мақсад қилинган. Лойиҳани самарали амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Шу ерда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида ўз ҳаётини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек энг улуғ ишга бағишлаб келаётган барча муаллимларни табриклаб, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 сентябрдаги фармонига мувофиқ, таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Улар орасида ўз маблағи ҳисобидан мактаблар қурган сахий тадбиркорлар, таълимдаги илғор ютуқларни жорий қилишга кўмаклашаётган хорижий ҳамкорлар ҳам бор.

Маросимда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди.
– Мен кўплаб соҳа вакилларига унвон, орден ва медаллар бераман. Лекин устозлар мукофотланадиган кунни соғиниб кутаман. Кўксингизни безаб турган орден-медаллар муборак бўлсин. Юртимизда юксак мукофотларга муносиб фидойи муаллимлар кўпайсин, – деди Президент.

Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар таълим соҳасига эътибори, устоз зотига юксак ҳурмати учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик изҳор этди.
Шундан сўнг соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича мулоқот бўлиб ўтди. Унда видеоалоқа орқали бутун республикамиздан 40 мингдан зиёд устоз ва мураббийлар қатнашди.
Давлатимиз раҳбари йиғилишдаги нутқида сўнгги саккиз йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсгани, ялпи ички маҳсулот ҳажми йил якунигача 130 миллиард долларга етишини қайд этди.
Ушбу иқтисодий замин асосида ўтган саккиз йилда таълим ва илм-фан соҳасига харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўм маблағ ажратилган. Президентимиз таълим сифатини ошириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидлади.
Йиғилишда таълимнинг барча бўғинларини ривожлантириш, ёшлар ва педагоглар учун имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар белгиланди.
2017 йилда 4 мингдан ортиқ маҳаллада бирорта ҳам болалар боғчаси йўқ эди, қамров 27 фоиздан ошмасди. Бугунги кунда боғчалар сони 38 мингдан, қамрови эса 78 фоиздан ошди. Яқинда эълон қилинган янги имтиёз ва имкониятлар натижасида мактабгача таълим кириб бормаган бирорта маҳалла қолмайди, қамров ҳам 80 фоиздан кам бўлмайди.
Боғчадаги раҳбар ва педагоглар ойлиги қарийб 2 карра ошди. Хусусий боғчалардаги тарбиячилар ойлиги ва бола харажатининг бир қисми ҳам бюджетдан қоплаб бериладиган тизим жорий этилади.
Энди давлат ва хусусий боғча тарбиячиларини ишдан ажралмаган ҳолда олий таълимда ўқитиш йўлга қўйилади. Худди Президент мактаблари каби ҳар бир вилоятда “Янги авлод” боғчалари ташкил қилиниб, тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганади.
Таълимнинг энг узоқ давом этадиган, ҳал қилувчи босқичи бу – мактаб таълимидир.
Мамлакатимиз аҳолиси сўнгги 34 йилда 2 карра ўсиб, 38 миллиондан ошди. Ҳозирда мактабларда 6,5 миллион ўқувчи таълим оляпти. Сўнгги саккиз йилда 500 га яқин янги мактаблар қурилгани, мавжудлари кенгайгани ҳисобига 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди. 200 мингдан зиёд ўғил-қизлар хусусий мактабларда ўқияпти.
Энди мактаб даврида ўқувчиларни қобилиятига қараб касб ёки олий таълимга йўналтиришга 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилинади. Шу орқали 400 мингга яқин 9-синф битирувчилари техникумларга қамраб олинади. Ўқишни мактабда давом эттириб, олийгоҳга кириш истагида бўлган ёшларга фанлар танлов асосида чуқурлаштириб ўтилади.
Ҳар йили ўн минглаб мактаб ўқувчилари хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар оляпти. Энди бундай сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олинади.
Давлатимиз раҳбари касбий таълим масаласига алоҳида тўхталди. Соҳа учун 2026 йил – Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлиши таъкидланди.
Шу мақсадда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади. Агентликнинг асосий вазифаси барча 598 та техникумга янги муҳит олиб кириш ва халқаро стандартларни жорий қилишдан иборат бўлади.
Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Швейцария, Хитой, Корея, Буюк Британия каби давлатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг энг илғор касбий таълим дастурлари жорий қилинади.
Шунингдек, касбий кўникмаси бор исталган талабгор бу техникумларда хорижий давлатларнинг малакани баҳолаш тизими орқали имтиҳон қилиниб, халқаро сертификат олиши мумкин бўлади.
Жорий ўқув йилидан Англиянинг “Pearson” компанияси билан ҳудудлардаги 14 та техникумда “BTEC” халқаро дастури бошланди. Бу орқали ёшлар халқаро стандартлар асосида туризм, ахборот технологиялари, тиббиёт, қурилиш, логистика, электротехника, энергетика, машинасозлик, биотехнология, креатив иқтисодиёт каби йўналишларда талаб юқори касбларни эгаллайди.
Келаси йили саноатда қарийб 45 миллиард долларлик 456 та йирик лойиҳа бошланади. Энди техникумларда “инвестор – тармоқ – техникум” занжири асосида ҳар бир лойиҳа бўйича дуал таълим йўлга қўйилади.
Корхоналар билан аниқ лойиҳалари бўлган техникумлар ўртасида замонавий устахоналар барпо қилиш бўйича танлов ўтказилади. Танлов ғолибларига устахона учун замонавий ускуна ва жиҳозлар, спорт анжомлари олиб берилади.
Умуман, дуал таълим билан қамров 5 баробар оширилади. Ҳамкор корхоналарга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади, дуал таълим орқали ишлаётган ўқувчилар бўйича ягона ижтимоий тўлов икки баробар қисқартирилади.
Янги технологияларни ўзлаштириш, иш топишда чет тилларини билиш жуда муҳим. Шу боис, техникумлардаги хорижий тиллар учун ажратилган соатлар 4 карра кўпайтирилади.
Президентимиз қарорига мувофиқ, мактабларда маслаҳатчи лавозими жорий қилиняпти. Энди улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларни фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқиши бўйича саралаб, 9-синфни битирганида техникумларга йўналтиради.
Бундан ташқари, бу йил 11-синфни битириб, олийгоҳга кира олмаган 200 минг ёшлар ҳам техникумларда 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар асосида касбга ўқитилади.
– Бу янги ташаббусларимиздан мақсад нима? Ҳар бир ёшни касб-ҳунар орқали даромадли қилсак, оилаларнинг рўзғори бут бўлади, маҳаллаларда тинчлик ҳукм суради. Ўйлайманки, бундан ота-оналар ҳам рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Техникумдаги муаллим ва усталарнинг малакасини, жамиятдаги мавқеини ошириш чоралари ҳам белгиланди. Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Бу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади. Бундан техникумларнинг 30 минглик педагоглар жамоаси манфаат кўради. Ушбу муассасалар директор ва ўринбосарларининг ойлик маоши ҳам оширилади. Энди техникумларда ҳам илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади.
Сўнгги йилларда, айниқса, олий таълим қамрови жадал ошди. Олий ўқув муассасалари сони 77 тадан 202 тага, жами талабалар сони 250 мингдан 1,5 миллионга етди.
Янги индустриал давр – “тўртинчи саноат инқилоби”ни амалга ошириш учун дунёда “технологик минераллар”га талаб бир неча карра кўпаймоқда. Таҳлилларга кўра, дунёдаги вольфрам, молибден, рух ва титан захираларининг 10-15 фоизи минтақамизга тўғри келади. Ушбу улкан ресурсларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш учун бизга энг аввало илм, билим ва инновация керак.
Шунинг учун илм-фан ва бизнес вакилларини учраштириб, манфаатли ҳамкорликда ишлайдиган тизим ташкил этилиши айтилди. Ихтироларнинг тажриба-синов ишлари харажатларини қоплашга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Яқинда ихтирочилар ўртасида тўққизта йўналишда ўтказилган танлов ғолибларига электромобиль берилди. Иккинчи ўрин соҳиблари хорижга стажировкага юборилади, учинчи ўринни эгаллаганлар эса пул мукофотлари билан тақдирланди.
Энди бундай танловлар олий таълимнинг ҳар бир йўналишида, ўқитувчилар ва талабалар ўртасида ҳам ўтказилиши эълон қилинди.
Олий ўқув юртларида хорижий ТОП-500 талик университетлар билан ҳамкорликда ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнология, тиббиёт, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади. ТОП-100 таликка кирган университетлар филиаллари очилади.
Президентимиз устоз ва мураббийларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича ҳам қатор ташаббусларни билдирди.
Янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг шартномаси суммасига 30 фоиз чегирма берилади.
Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит берилади. Келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади.
Фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади.
Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.
Йиғилишда ўқитувчи ва талабалар, таълим ташкилотлари раҳбарлари билан мулоқот қилиниб, таклиф ва фикрлари тингланди.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги янги туризм мажмуаси имкониятлари билан яқиндан танишди.
Сўнгги йилларда ҳудудда инфратузилма ривожлантирилиб, йилнинг тўрт фаслида мароқли саёҳат учун қулай шароит яратилди. Амирсой, Чиноркент, Чорвоқ дарвозаси каби улкан мажмуалар, замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва умумий овқатланиш масканлари ишга туширилди.
Энди бу сафга “Чимён” халқаро умуммавсумий курорти ҳам қўшилади. Франциянинг “MND” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа учун 1 минг 278 гектар майдон ажратилган.

Лойиҳа доирасида меҳмонхоналар ва денгиз сатҳидан 3 минг 300 метр баландликкача осма дор йўли қурилади. Бу тўлиқ мавсумий туризмни таъминлайди. Қишда чанғи ва сноуборд, бошқа ойларда эса тоғ сайёҳлиги ва кўнгилочар ҳордиқ имкониятлари пайдо бўлади.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги меҳмонхона, ресторан ва савдо мажмуаларини кўздан кечирди.
Жумладан, 6 қаватли замонавий меҳмонхона 320 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга. Унда йил давомида ўртача 45 минг туристга хизмат кўрсатади. Эътиборлиси, бу ерда “Wyndham” бренди билан ҳамкорликда малакали бошқарув йўлга қўйилмоқда. Бу нафақат хизмат сифати, балки мамлакатимиз туризмининг халқаро нуфузини оширишда ҳам муҳим саналади. Меҳмонхонани ноябрда ишга тушириш режалаштирилган.

Ҳудуддаги яна бир лойиҳа доирасида 7 ва 5 қаватли апарт-отеллар, 7 қаватли меҳмонхона ҳамда 2 қаватли ресторан қурилди. Уларда ҳам хизмат сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш назарда тутилган. Йил давомида ўртача 54 мингдан зиёд меҳмонни қабул қилиш мўлжалланган. Мажмуада 100 дан ортиқ киши ишли бўлади. Айни пайтда 6 та шале қурилиши давом этмоқда.
Президентимиз янги мажмуалар қуриш ва хизмат кўрсатишда илғор тажрибаларни қўллаш, ходимлар малакасини ошириш муҳимлигини қайд этди. Ҳудуддаги имкониятларни туризм платформаларида тарғиб этиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни фаол жалб этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шу ерда 300 та автомобилга мўлжалланган тураргоҳ ҳам бор. Унинг биринчи қаватида ресторан, болалар майдончаси ва савдо мажмуаси ташкил этилган. Бу нафақат қулайлик, балки туристлар учун қўшимча хизматларни яхлит тақдим этиш имкониятини ҳам беради.
Умуман, “Чимён” умуммавсумий курорти самарасида хизмат кўрсатиш соҳасида минглаб янги иш ўринлари, маҳаллий аҳоли учун барқарор даромад манбаи пайдо бўлади. Туристларга энг замонавий хизматларни таклиф этиб, мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини сезиларли оширади.

Бўстонлиқда туризм бошқа соҳалар билан уйғун тарзда ривожланиб, бутун ҳудуднинг иқтисодий қиёфасини ўзгартираяпти. Савдо ва хизматлар тури, транспортлар ҳаракати кўпайяпти. Шу боис умуммавсумий курорт лойиҳаси доирасида автомобиль йўлида туннель ҳам қурилди.
Ушбу иншоот таркибига узунлиги 1 минг 450 метр бўлган асосий йўл қисми, 2 та кўприк ва пиёдалар йўлаклари киради. У ҳудуддаги тоғ курортларига олиб борувчи асосий йўлни қисқартиради. Хавфсизликни ошириб, транспортлар ҳаракатини енгиллаштиради. Туннель орқали соатига 500 дан зиёд автомашина хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши мумкин.
Йўллар қулайлиги ҳудуднинг туризм салоҳиятини тўла ишга солиш ва иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим омили экани таъкидланди. Шу билан бирга, табиатни мусаффо сақлаш, дам олувчиларнинг экологик маданиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Бу каби лойиҳалар туристларга қулайлик яратиши баробарида мамлакатимизнинг инвестициявий ва маданий жозибадорлигини оширади. Бўстонлиқ бугунги кунда табиий гўзалликлари, замонавий мажмуалари ва юксак хизмат маданияти билан ана шундай марказга айланиб бормоқда.
Бўстонлиқ туманига ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёев Чимён маҳалласида барпо этилаётган агросаноат боғини ҳам бориб кўрди.

Бўстонлиқда сув мўл, ери унумдор. Бунга асосланиб, туризм ва аграр соҳа уйғун ривожлантирилмоқда. Жумладан, Чимён маҳалласида 3 минг гектар майдонда малина, қорағат, қулупнай, ўрмон ёнғоғи каби меваларни етиштириш йўлга қўйилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 60 миллион доллардан ортиқ. Бу маблағ эвазига боғлар ташкил этилади, мевани қайта ишлаш корхоналари ҳамда катта сиғимли омборхоналар қурилади.
Айни пайтда 50 гектар майдонда малина ва қулупнайнинг хорижий экспортбоп навлари экилган. Боғ тўлиқ томчилатиб суғорилади. Малинанинг ҳар гектаридан 400 миллион сўм, қулупнайдан эса 500 миллион сўмгача даромад олинади.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг йилига 24 минг тоннага яқин маҳсулот етиштирилади. Унинг салмоқли қисми – ўрмон ёнғоғи ва резаворлар экспортга йўналтирилади. Энг муҳим жиҳати, боғларда 12 мингдан зиёд киши ишли бўлади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳани қўллаб-қувватлаб, энди қайта ишлашни ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун навни танлашдан тортиб, ишлов бериш, меваларни териш ва саралаш жараёнларигача замонавий ёндашув талаб этилади. Бу маҳсулотларнинг сифати ва харидоргирлигини таъминлаб, экспортда ҳам муҳим ўрин тутади. Боғ яшнаб, атрофида корхоналар ва турдош хизматлар кўпайгани сари одамлар узоққа қатнамай, шу ерда ишлайди. Қўшимча даромад манбаи пайдо бўлиб, ҳудуд иқтисодиёти ривожланади.

Президентимиз бошқа адир ва яйловлар имкониятини ҳам ўрганиб, шундай сердаромад боғлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
– Бу боғда ерга меҳр, сидқидилдан қилинган меҳнат кўриниб турибди. Натижаси, аввало, даромад, халқимизга манфаат. Бу жиҳатлари бошқа анъанавий экинларга нисбатан бир неча баробар юқори. Шунинг учун бундай маҳсулотлар етиштиришни кўпроқ одамларга ўргатиб, даромадини кўпайтириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулализ РУСТАМОВ,
ЎзА махсус мухбирлари