Ўзбекистоннинг таълимда инсон ҳуқуқи бўйича таклифи тақдим этилди

108

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқи соҳасида таълим бўйича ташаббуси тегишли сессияда кўриб чиқиш учун тақдим этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (ИҲК) ҳужжатида акс этди. Эслатиб ўтамиз, Женевада 8 сентябрь куни бошланган анжуман 8 октябрга қадар давом этади. Маълумки, апрель ойида БМТ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича мамлакатимиз миллий маърузаси эълон қилинган. Ушбу маълумот Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси томонидан тайёрланган йиллик маъруза ҳамда Кенгашнинг “Олий комиссар бошқармаси ва Бош котиб маърузалари” мавзусидаги ҳужжатига киритилган. Мазкур ҳужжат кўриб чиқиш учун 60-сессияга тақдим қилинган.

34 та давлат, жумладан республикамиз муаллифлигидаги материалларга асосланган маърузада Жаҳон дастури тўртинчи босқичи (2020-2024) доирасида ёшлар учун инсон ҳуқуқи соҳасида таълим дастурларини амалга ошириш бўйича миллий чора-тадбирлар шарҳи берилган. Тўрт асосий йўналиш – давлат сиёсатини амалга ошириш чоралари, ўқув дастурлари, услубий материаллар ва воситалар, педагогларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълимни илгари суриш учун қулай шароит яратиш йўлида қўйилаётган қадамлар кўрсатилган.

Ҳужжатда маълумотлар асосида хулосалар шакллантирилган бўлиб, эришилган натижаларни янада яхшилаш бўйича тавсиялар берилган. Намуналарга давлатимиз ташаббуслари, жумладан 2021 йил Жаҳон дастури тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия тузиш, шунингдек давлат грантлари орқали инсон ҳуқуқи соҳасида фуқаролик жамияти лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чоралари киритилган.

Ўзбекистон ҳужжати расмий маърузага қўшилиши мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш, миллий таълим дастурлари ва институционал механизмни ривожлантириш, шунингдек халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракати эътироф этилаётганини тасдиқлайди. Ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этишда иштирок этиш универсал қадриятлар ва халқаро мажбуриятга содиқлик намойиши сифатида соҳада глобал дастурни бундан кейин ҳам амалга ошириши учун замин яратади.

ЎзА