Ихтироларнинг тажриба-синов ишлари учун кетадиган харажатларни қоплашга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади

–Изланиб, аниқ натижага эришаётган олимларимизнинг асосий қисмини профессор-ўқитувчилар ташкил этаётгани менга мамнуният бағишлайди,– деди Президент.
Мисол учун, Ирригация университети ўқитувчиси Эъзозбек Озодов ихтиро қилган “Яроқсиз сувларни тозалаш рақамли ускунаси” мавжуд аналогларидан 25 фоиз самарали ишлаши халқаро даражада тан олинди. Ҳозирда бу ускунага АҚШнинг йирик корхоналаридан кўплаб буюртмалар олинган.
Ёки Транспорт университети профессори Зиёда Одилова локомотивлар учун дизель генератори ва электр тортиш моторидан иборат гибрид тизимни ихтиро қилди. “Ўзбекистон темир йўллари” лойиҳани амалиётга жорий қилиш бўйича ишларни бошлаб юборган.
–Кўриб турибсиз, олийгоҳдаги олимларда иқтисодиётимизни ривожлантирадиган зўр-зўр илмий ишланмалар, лойиҳалар бор.
Шунинг учун, илм-фан ва бизнес вакилларини бир-бири билан учраштириб, манфаатли ҳамкорликда ишлайдиган тизим қиламиз. Бундан илм ҳам, бизнес ҳам ютади.
Шу боис, ихтироларнинг тажриба-синов ишлари учун кетадиган харажатларни қоплашга қўшимча 100 миллиард сўм ажратамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА