Абу Али ибн Сино: Шарқ гавҳари – жаҳон мероси

Буюк аллома Абу Али ибн Сино инсоният тарихида тиббиёт ва фан тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккирлардан бири сифатида тан олинган. Бундан ўн аср муқаддам яратган илмий асарлари билан нафақат Шарқ, балки бутун жаҳон илми тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Айниқса, “Тиб қонунлари” асари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг дори воситалари тайёрлаш, ўсимликлардан шифо топиш ва инсон саломатлигини асраш ҳақидаги қарашлари ҳанузгача долзарб аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, ушбу улкан шахснинг илмий ва амалий меросини ўрганиш, унинг замонавий тиббиёт ва фармацевтикадаги аҳамиятини чуқур англаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан саналади. Ана шундай мақсадни ўз олдига қўйган ҳолда Тошкент шаҳридаги “Tashkent Pharma Park” кластерида “Абу Али ибн Сино: Шарқ гавҳари – жаҳон мероси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ибн Сино жамоат фонди ҳамда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамкорлигида буюк аллома Абу Али ибн Сино таваллудига 1045 йил тўлиши ва Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, ЖССТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакили, АҚШ, Россия, Хитой, Туркия, Польша, Швейцария, Ҳиндистон, Сингапур, Жанубий Корея, Индонезия, Иордания, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг миллий регулятор органлари масъуллари, Фармацевтика маҳсулотларига қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича халқаро кенгаш Ассамблеяси (ICH), Соғлиқни сақлаш ва дори воситалари сифати бўйича Европа директорати (EDQM), Халқаро фармацевтика регуляторлари дастури (IPRP) АҚШ Фармакопеяси – USP, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ибн Сино жамоат фонди, Ўзбекистон Халқ табобати академияси вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Абу Али ибн Синонинг илмий мероси ва «Тиб қонунлари» асарининг замонавий тиббиётдаги аҳамияти, фармацевтика соҳасидаги долзарб масалалар, халқ табобатининг илмий асослари, шунингдек, жаҳон фармацевтикасидаги замонавий тенденциялар ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Пленар ва секция йиғилишларида илмий маърузалар, маҳорат дарслари ва фармацевтика маҳсулотлари кўргазмалари тақдим этилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ва бошқалар таъкидлаганидек, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, фармацевтика соҳасини ривожлантириш ва аҳолининг хавфсиз ҳамда сифатли дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Шу жараёнда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази муҳим роль ўйнаб, муассаса бугунги кунда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ҳамда лицензиялаш орқали давлат назоратини амалга оширади. Шу билан бирга, Марказ Давлат фармакопеясини яратиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, лаборатория ва сертификатлаш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш, фармакологик назорат ва метрологик текширувларни ташкил этиш ҳамда Давлат реестрини юритиш каби муҳим вазифаларни бажаради.
Марказда замонавий лабораториялар, Тошкентдаги Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази ва Андижон, Қарши, Самарқанд, Урганчдаги ҳудудий филиаллар орқали дори воситалари сифати устидан назорат самарали йўлга қўйилган. 30 йиллик довонни босиб ўтган Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ўз фаолиятини жаҳон стандартларига мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йўналишда ISO 9001 халқаро сифат бошқаруви стандарти жорий этилган бўлиб, фармацевтика жараёнлари босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.
Марказ ЖССТ, USP, ICH, IMDRF, IPRP, GHWP, ЭDQM каби халқаро ташкилотлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйган. Шу билан бирга, АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Германия, Франция, Польша ва бошқа давлатларнинг регулятор органлари билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари соҳада тажриба алмашиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва халқаро стандартларни миллий тизимга жорий этиш имконини бермоқда.
Анжуманда Ўзбекистонда миллий фармакопеянинг яратилиши фармацевтика соҳасидаги тарихий аҳамиятга эга илмий ва амалий ютуқ сифатида алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, фармацевтика тизимининг босқичма-босқич рақамлаштирилиши доирасида фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлаштириш, фаолиятни лицензиялаш, шунингдек, фармакологик назорат ва дори воситалари хавфсизлигини баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот тизимларининг татбиқ этилаётгани меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.
Айтиш жоиз, рақамлаштириш жараёнлари нафақат соҳани такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш, балки дори воситалари хавфсизлиги бўйича халқаро стандартлар ва талабларни миллий қонунчилик ва назорат тизимига интеграция қилиш, Марказ фаолиятида эса ошкоралик ва шаффофликни таъминлашда муҳим экани қайд этилди.
Тадбир доирасида “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг қатор нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаши соҳа тараққиётига ҳисса қўшади. Қозоғистон Республикаси Дори воситалари ва тиббий буюмлар экспертизаси Миллий маркази билан англашув меморандуми, Республикаси Озиқ-овқат ва дори воситаларини назорат қилиш Миллий агентлиги билан ҳамкорлик меморандуми, Қирғиз Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Дори воситалари ва тиббий буюмлар департаменти билан англашув меморандуми ҳамда АҚШ Фармакопеяси (USP) билан тартибга солиш органлари учун имкониятлардан имтиёзли фойдаланиш дастури тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, “Ибн Сино” жамоат фонди ҳам халқаро ҳамкорлик доирасини кенгайтириб, Ўш давлат университети, Туркияда ташкил этилган “Уйғур тиббиёт тадқиқот фонди” ҳамда Шэньси Хитой тиббиёт университети билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Анжуманда кўтарилган мавзулар, тақдим этилган илмий маърузалар Ўзбекистон фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва юксак илмий салоҳиятни яққол намоён этди. Абу Али ибн Синонинг илмий мероси нафақат тарихий бойлик, балки бугунги кунда ҳам тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида амалий аҳамиятга эга йўл харитаси бўлиб хизмат қилмоқда. Анжуман доирасидаги ҳамкорлик меморандумлари, рақамлаштириш жараёнлари ва халқаро стандартларга мослашиш йўлидаги қадамлар мамлакатимизнинг соҳа бўйича халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, анжуман ёш олимлар ва мутахассислар учун ҳам билим ва тажриба алмашиш, илмий изланишларни чуқурлаштириш, инновацион ёндашувларни ўрганиш имконини яратди.
Моҳигул Қосимова,
Рустам Назарматов(суратлар), ЎзА




















