Нукусда «Оролбўйи кубоги» халқаро турнири ўтказилди

110

Нукус шаҳридаги марказий амфитеатрда Қўл урушининг Р1 йўналиши бўйича профессионал спортчилар ўртасида «Оролбўйи кубоги» халқаро турнири бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад тилади.

Шундан сўнг турнир беллашувларига старт берилди.

Мусобақада Озарбайжон, Беларусь, Қирғизстон, Россия, Туркия ва Италия давлатларидан профессионал спортчилар иштирок этиб, эркаклар 5, аёллар 1 вазн тоифалари бўйича ўзаро беллашди.

Кескин ўтган беллашувлар сўнгида 62 кг вазнда италиялик Тоссо Петро мамлакатимиз вакили Абдумажид Қосимов билан беллашди, унда юртимиз спортчиси ғалабага эришди. 73 кг вазнда беллашган юртимиз спортчиси Азизхон Абдуллаев қирғизистонлик Аброр Ҳакимовни енгган бўлса, 80 кг да Айбек Махсетов озарбайжонлик Гундуз Набиевга ютқазиб қолди.

Шунингдек, юртимиз спортчилари 97 кг ва +97 кг вазн тоифаларида ҳам ўз маҳоратларини кўрсатиб, ўз рақиблари устидан ғалаба қозонди.

Хусусан, мамлакатимиз вакили Бегзодбек Маҳаматов туркиялик Шаҳзода Махсунни, Оғабек Жуманиёзов россиялик Евгений Болотскихга ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Қизлар ўртасида эса 70 кг вазнда иштирок этган Нилуфар Полвонова беларуслик Аселия Медведевани енгиб, бош соврин соҳибасига айланди.

Кескин курашлар остида ўтган учрашувлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Мусобақа якунида, ғолиблар табрикланиб, уларга пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги